Тошкентда 6 гектарли боғ қуришмоқчи, «снос»лар бўлади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Тошкент шаҳрида замонавий гул боғини ташкил этиш юзасидан Вазирлар маҳкамаси қарори муҳокамага қўйилди.
Унда айтилишича, Тошкент шаҳри аҳолиси ва ташриф буюрувчи меҳмонларга манзарали боғлардан баҳраманд бўлишлари учун замонавий гул боғини ташкил этиш режалаштирилган.
Лойиҳага кўра, гул боғи Тошкент шаҳари Юнусобод туманидаги 6 гектар ер майдонида жойлашган собиқ Астрономия парки ўрнида бунёд этилади.
Гул боғини барпо этиш лойиҳаси тадбиркорлик субъектлари орасидан очиқ танлов ўтказиш асосида аниқланади. Танлов ғолибига гул боғини барпо этиш ва сақлаш мажбуриятларини ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириш шартларида 30 йил муддатга ижарага берилади. Ижара муддати тугаганидан сўнг гул боғи объекти давлат шеригига – Тошкент шаҳар ҳокимлигига беғараз асосда топширилади.
Шунингдек, танлов ғолиби қурилиш ва ободонлаштириш ишларини ўз ва жалб қилинган маблағлар ҳисобидан 2023 йилнинг II чорагида тугаллаши керак.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир қатр вазирлик ва идораларнинг вакиллари иштирокида инвесторларни танлаб олиш бўйича комиссия шакллантиради, келишиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Яна бир муҳим жиҳати Тошкент шаҳар ҳокимлиги зиммасига гул боғи ҳудудини хатловдан ўтказиш, хусусий мулклар мавжуд бўлган тақдирда мулкдорлар билан келишиб, компенсация тўловларини қоплаб берган ҳолда захирага олиш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш юклатилмоқда.
Қарор лойиҳасининг муҳокамаси 19 октябрь куни якунига етади. Ҳозирга қадар бирорта ҳам таклиф киритилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам ушбу ҳудуддаги «снос»лар муаммоси кўтарилганди. Ўшанда бу ерда «Астрономия ва аэронавтика» боғи қурилиши баҳонасида, инвесторга 49 йилга ижарага берилган ҳудудда тураржой бинолари қуришга киришилгани қайд этилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter