Тошкeнтдаги Юридик унивeрситeтда махсус уч йиллик таълим дастури жорий этилиши мумкин
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкeнт давлат юридик унивeрситeтига Университет ҳузуридаги академик лицейлар, юридик техникумлар битирувчилари ҳамда олий маълумотга эга бўлган шахслар белгиланган тартиблар асосида қабул қилинади ва улар танловига кўра кириши мумкин бўлган бакалавр таълим йўналишларининг махсус уч йиллик таълим дастурини ўқийдилар. Ушбу тоифа абитуриентларни қабул қилиш ва ўқитиш алоҳида қабул квотаси ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Бу борада Адлия вазирлигининг тегишли ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат лойиҳасида Университет ҳузуридаги академик лицей ва юридик техникумлар битирувчиларини Тошкент давлат юридик университетига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланиши ҳам айтилади. Бунда иқтидорли битирувчилар олийгоҳга махсус уч йиллик таълим дастурига 2-курсдан кириш тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари ўқишга қабул қилиниши белгиланмоқда. Тошкент давлат юридик университетининг махсус уч йиллик таълим дастурига ўқишга қабул қилиш суҳбат натижаларига кўра рейтинг тизими бўйича тўпланган баллар асосида амалга оширилади.
Шу билан бирга, лойиҳада олий маълумотга эга бўлган шахсларнинг Университетда “юриспруденция” таълим йўналиши бўйича бакалавриат доирасида олий таълимни олишлари тартиби ҳам белгиланган. Қайд этилишича, Тошкент давлат юридик университети ўзининг мавжуд қувватлари, моддий-техник базаси, профессор-ўқитувчилари таркиби ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари хусусиятидан келиб чиқиб, қабул параметрларидан ташқари квота доирасида юриспруденция таълим йўналиши ва ўқитишнинг кундузги, кечки, масофавий таълим шаклларида ташкил этади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter