Уч эгизак дунёга келган ҳеч бир туғуруқ мажмуасида электр узилмаган — ССВ
Ижтимоий тармоқларда «уч нафар эгизак муддатидан аввал туғилгани, бироқ уларни вакуумга солиш учун электр таъминоти йўқ» мазмунидаги тагсўз билан тарқалган видеолавҳага Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда жорий йил бошидан шу кунгача 8 289 нафар аёл эгизак чақалоқни дунёга келтирган. Улардан 8 190 нафари икки, қолганлари иккитадан кўп фарзанд кўрган.
«Хусусан, шу йил ноябрь-декабрь ойларида уч эгизакдан иборат чақалоқлар Тўрткўл тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлими, Тошкент, Сирдарё, Навоий, Фарғона, Хоразм, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган ва Самарқанд вилоятлари перинатал марказлари ҳамда Республика перинатал марказида туғилган.
Бироқ мазкур туғуруқ комплексларининг ҳеч бирида юқорида келтирилган даврда электр таъминотида узилишлар кузатилмаган. Қолаверса, шундай ҳолат юз берган тақдирда ҳам, перинатал марказлар автоном генераторлар билан тўлиқ таъминланган.
Юқорида санаси ва манзили қайд этилмаган видеотасвирга келсак, неонатологлар хулосасига кўра, лавҳада кўрсатилган ҳар уч чақалоқ ҳам фаол, тери ранглари пушти ҳамда барча белгилари халқаро қабул қилинган саломатлик мезонларига тўлиқ мос келади. Шу боис, улар вакуум аппаратида эмас, она бағрида бўлишлари зарур.
Шундай экан, блогерлардан ижтимоий тармоқлар орқали асоссиз, текширилмаган ва нотўғри маълумотларни тарқатмасликларини сўраймиз», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter