Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вақт уволининг бадали: уни тўлашга тайёрмисиз?

Вақт уволининг бадали: уни тўлашга тайёрмисиз?

foto: chatgpt

Вақтнинг қадр-қиммати ҳақида ўйлаганимда Француз ёзувчиси Марк Левининг “Осмон ва замин ўртасида” номли асаридаги икки қаҳрамон диалоги эсимга келади. Унинг қисқача мазмуни шундай: тасаввур қилинг, ҳар тонг ҳисобингизга 86 400 доллар тушади. Шарти уларни кун охиригача ишлатиш, акс ҳолда қолдиқ куйиб кетади. Энг ёмони, бу “ўйин” исталган сонияда тўхташи мумкин. Шу пулларни куйиб кетмаслиги учун албатта охирги тийинигача ишлатган бўлардингиз...

Энди келинг, ўша пул банкини вақт банки деб тасаввур қиламиз. Ҳар тонг уйғонганимизда бизга 86 400 сония ҳаёт кредити берилади ва ҳар оқшом ишлатилмаган лаҳзалар мангуликка ғойиб бўлади. Кун давомида нимани яшаб ўтмаган бўлсак — ҳаммаси бой берилади. Бу ҳар тонг такрорланади.  Бироқ биз шундай қоида асосида ўйнаймизки, уни четлаб ўтишнинг иложи йўқ: банк исталган дақиқада, огоҳлантиришсиз ҳисобимизни ёпиб қўйиши, ҳаёт ҳар сонияда тўхташи мумкин. Биз ўзимизнинг ҳар кунлик 86 400 сонияларимизни нимага сарфлаяпмиз? Ахир ҳаётнинг бир сонияси доллардан кўра муҳимроқ, шундай эмасми?

Биз увол қилган вақтимиз учун қандай бадал тўлаймиз?

Вақт исрофи, деганда авваллари шунчаки бўш ўтиришни тушунардик. Энди эса бекорчиликка вақт йўқ, унинг ўрнини мақсадсиз “виртуал олам”да кезиш истаги эгаллаган. Афсуски, бугунги кунда вақт исрофи “диққатнинг парчаланиши” қиёфасида намоён бўлмоқда.

Агар инсон кунига атиги икки соат вақтини ижтимоий тармоқлардаги мазмунсиз видеоларга, беҳуда баҳсларга сарфласа, 70 йиллик умр давомида бу рақам олти йилни ташкил этади. Бу олти йил ичида инсон битта чет тилини мукаммал ўрганиши, бир касб эгаси бўлиши ёки ўз соҳасининг дунё миқёсидаги экспертига айланиши мумкин экан.

Замонавий технологиялар бизга вақтни тежаш учун хизмат қилиши керак эди, аммо улар вақтни энг кўп ютадиган “қора туйнук”ка айланди.

Мисол учун биргина “қисқа видеолар” алгоритми шундай тузилганки, инсон мияси арзон дофамин олиш илинжида вақт чегарасини йўқотади. Бу ерда исроф бўлаётган нарса фақат соатлар эмас, балки инсоннинг диққат жамлаш қобилиятидир. Диққати парчаланган одам мураккаб илмий ва стратегик муаммоларни ҳал қила олмайдиган “юзаки истеъмолчи”га айланади.

Илм-фанда “Рақамли гипноз” деб аталувчи ҳолат шунчаки иродасизлик билан боғлиқ жараён эмас. Бу дунёдаги энг ақлли алгоритмларнинг инсон психологияси устидан қозонган ғалабасидир. Психологияда “Алиса мўъжизалар мамлакатида” синдроми бежиз тилга олинмайди. Биз бирор муҳим маълумотни излаб ёки шунчаки бир дақиқага ижтимоий тармоққа кирамиз яъни қуён изидан тушамиз. Аммо алгоритм бизни шундай девор билан ўраб оладики, вақт ва макон туйғуси йўқолади. “Алиса девори”нинг энг хавфли оқибати у инсонни чуқур фикрлаш қобилиятидан маҳрум қилади. Алиса қуённинг изидан юриб ажойиботлар дунёсига тушган бўлса, биз ижтимоий тармоқлар орқали “қуён уяси”га тушиб, ўз ҳаётимизни бой беряпмиз. Фарқи шундаки, Алиса уйғонганида бу шунчаки туш эди, биз уйғонганимизда эса бой берилган йиллар ва совурилган умр ҳақиқатига дуч келамиз.

“Чексиз айлантириш” технологиясининг ихтирочиси Аза Раскин уни “визуал кокаин” деб атайди, кейинчалик у бу ихтиросидан афсусланишини айтган.

Одатда, китоб ўқиганда боб тугаши ёки газетанинг охирги саҳифаси мияга “тўхта!” деган сигнал беради. Ижтимоий тармоқларда эса бу “тўхташ сигналлари” атайлаб йўқ қилинган. Мия кейинги янгиликни кутиб, тўхтовсиз дофамин ажратади ва сиз “банк”дан олган сонияларингизни битта-битта алгоритм саватчасига ташлайверасиз. Агар сиз бирор контентда 3 сония тўхтасангиз, алгоритм сизнинг диққатингизни “сотиб олади”. Энди у сизни уянинг ичига янада чуқурроқ тортади — ўхшаш мавзуларни қалаштириб ташлайди.

Ҳар тонг берилган 86 400 сония бу сизнинг шахсий мулкингиз. Лекин сизнинг диққатингиз ҳисобига иқтисодиётини бойитаётган йирик корпорациялар учун вақтингиз хом ашё ҳисобланади. Сиз “текин” видео кўряпман деб ўйлайсиз, аслида эса вақт банкингиздаги энг қимматли сонияларни ўша видеони яратган ва реклама берганларга тўлаяпсиз, яъни сизнинг вақтингиз маҳсулотга айланмоқда!

Microsoft компанияси ўтказган тадқиқотга кўра, замонавий инсоннинг диққатни бир жойга жамлаш давомийлиги 8 сониягача тушиб кетган — бу ҳатто аквариумдаги олтин балиқчанинг диққатидан ҳам камроқ! Ёш болаларнинг мияси бу тузоққа беш баробар тезроқ тушади. Улар “қуён уяси”га кириб қолганда, атрофдаги реал дунёни мутлақо ҳис қилмай қўяди. Бу маънавий исрофнинг энг аянчли нуқтаси, болаликнинг экран қаршисида йўқолишидир.

Ҳар тонгда 86 400 сония ҳадя этувчи сеҳрли банкка кириш йўлагида бизни “Алиса ажойиботлар дунёсида” эртагидаги каби  “алдамчи қуёнлар” кутиб турибди. Агар Марк Левининг қаҳрамони ҳар бир долларни (сонияни) бахт ва совғаларга сарфлашни орзу қилган бўлса, биз замонавий Алисалар бу хазинани рақамли “қуён уялари”да қолдириб кетяпмиз ва вақт банки исталган сонияда огоҳлантиришсиз ёпилиши мумкинлигини унутаяпмиз. Бугунги интернет ривожланган замонда увол қилинган вақт бадали жуда оғир. Кун келадики, сиз нафақат вақтингизни бой берасиз, балки уни елга совурганингизни англай олмайдиган, иродаси ва диққати алгоритмлар томонидан бошқариладиган  рақамли зомбига айланасиз.  

Бугунги вақт исрофи аввалги замонлардагидек шунчаки пушаймонлик эмас. Бу маънавий ўз-ўзини қирғин қилишдир. Энг даҳшатлиси, нафақат сонияларимиз, балки пушаймон бўлиш туйғуларимиз ҳам бой берилади, ҳиссиётларимиз бирин-кетин карахтликка учрайди. Диққати титилган, фикри сочилган инсон учун бой берилган умрнинг ҳеч қандай қадри қолмайди. Чунки у нимани йўқотганини англай олмайдиган даражада ички дунёсидан айрилади. Биз шунчаки вақтимиз билан эмас, балки инсон бўлиб қолиш ҳуқуқимиз билан бадал тўлаяпмиз. Вақтнинг уволи сизнинг ҳис-туйғуларингизни емириб, қалбингизни музлатган ҳолда ўз ҳаққини олиши муқаррар.  

Айтинг-чи, сиз бундай мудҳиш бадални тўлашга ҳақиқатдан ҳам тайёрмисиз?

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг