Хатирчининг хатарли йўллари ёхуд болажонлар учун хавфсиз йўлак, светофор ўрнатиш муаммоми?
Телеграм ботимизга шундай мазмунда хабар йўлланди:
«Ассалому алайкум, таҳририят ходимлари. Навоий вилояти Хатирчи туманидан ёзяпмиз. Мана янги ўқув йили бошланди, туман марказида – 7- ва 20-мактабнинг 500 нафарга яқин болалар қатнайдиган йўлда анча вақтдан бери йўл-таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Яна неча йил давом этади, буни мутасаддиларнинг ўзлари ҳам билишмаса керак. Ўқувчи болаларимизга хавфсиз йўлак қилиб беришларини илтимос қилардик».
Бизга жўнатилган қисқагина видеода машиналарнинг ҳар томондан катта тезликда келаётганини ва уч нафар ўқувчининг жонини хатарга қўйиб, ҳар ёққа аланглаб ўтаётганини кўришингиз мумкин. Сониялар давом этадиган ушбу лавҳани кўриш асносида худди болалар ҳар қадамда машина тагида қолиб кетиши мумкиндек тасаввур уйғотади ва капалагингиз аниқ учади. Наҳотки, авваломбор мана шу мактаб жамоаси бу нарсаларга бефарқ бўлса? Қолаверса, бу кўчада қанчадан-қанча мутасадди раҳбарлари ўтиб-қайтса керак? Тўрт томондан машина кутилмаганда келиб қолиш хавфи бўлган ҳудудда на бир белги ва на бир светофор қўйилмагани жуда ҳайратланарли.
Йўл-транспорт ҳодисаларида болалар ўлими билан боғлиқ жуда қайғули воқеалар ҳар куни кўрсатилмоқда, бу ҳақда бонг урилмоқда.
2024 йилнинг дастлабки 5 ойида 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган. Яъни ҳар ойда бир, икки ўқувчи вафот этган. Тинчлик замонида бу жуда катта кўрсаткич ва фожиа эмасми?
294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳати олган. Маълумотларга қараганда, умумий ўрта таълим мактабларининг 9548 таси транспорт қатнови кўп ҳудудларда жойлашган ва аксарият мактаблар олдида пиёдалар учун йўлаклар мавжуд эмас, светофорлар ўрнатилмаган.
Йўлга махсус белги қўйиш, пиёдалар йўлаги чизиш ёки светофор ўрнатиш орқали болажонлар ўлимини камайтириш мумкин бўлган замонда болалар ўлиб кетаверса, бу юк билан қандай яшайсизлар?!
Видеодан кўриниб турибдики, бу камчилик эртага қолдириладиган иш эмас. Шу бугуноқ муаммони ҳал этиш, болалар йўлдан хавфсиз ўтиши учун чора кўрилиши шарт, деб ҳисоблаймиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter