Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хорижий пенсионерлар учун Ўзбекистонда олти ойгача визасиз тизим таклиф этилди

Хорижий пенсионерлар учун Ўзбекистонда олти ойгача визасиз тизим таклиф этилди

Фото: Xabar.uz

Давлат раҳбари туризм бўйича йиғилишда билдирилган фикр ва таклифлардан келиб чиқиб, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига:

- хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатган туроператорларга қўшилган қиймат солиғини субсидия сифатида қайтариш муддатини узайтириш ва уни қўллаш тартибини аниқ белгилаш;

- туризм компанияларига айланма маблағ учун экспортолди молиялаштиришни йўлга қўйиш;

- туристларга мўлжалланган, янги ишлаб чиқарилган “Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига тўғри келадиган автобус ва микроавтобусларни божхона божи ва утилизация йиғимидан озод этиш муддатини узайтириш;

- сўнгги 3 йилда ташкил топган туркомпанияларга халқаро кўргазмалардаги павильон ижараси харажатининг 50 фоизини қоплаб беришни йўлга қўйиш;

- халқаро фестивалларда қатнашадиган ҳунармандларга павильон, юклар ва авиачипта харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш тизимини йўлга қўйиш юзасидан таклиф киритишни топширди.

Шунингдек, тадбиркорлар томонидан илгари сурилган:

- мактаб ва коллеж ўқувчилари автобусда бир вилоятдан бошқасига саёҳат қилишида йўл-патруль хизмати ҳамроҳлиги учун тарифларни кескин камайтириш;

- ҳар йили камида 20 та ўрта бўғин менежерларини хорижда қисқа муддатли малака оширишга юбориш, янги ўқув йилидан туризм соҳасидаги олийгоҳ ва техникумларда “дуал таълим”ни жорий қилиш;

- 3-4 қаватли меҳмонхоналарга ҳам субсидия бериш, меҳмонхонаси бўлмаган 22 та туманда кичик отеллар барпо этишга оилавий хоналар сонидан келиб чиқиб субсидия ажратиш;

- халқаро тажриба асосида миллий меҳмонхона брендларини яратиш ташаббусларини ўрганиб, тегишли чораларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, мулоқотда тадбиркорлар томонидан билдирилган:

- хорижий давлатлардан келадиган пенсия ёшидаги сайёҳларнинг Ўзбекистонда олти ойгача визасиз бўлиши тартибини ишлаб чиқиш;

- камида 100 нафар хорижий иштирокчиси бўлган уч кунлик бизнес тадбирни ташкил қилганларга тадбирдан олинган даромад солиғини 50 фоизга камайтириш, қўшилган қиймат солиғининг ярмини қайтариш тизимини жорий қилиш;

- Тошкентдаги Чорсу бозори ва Хивада миллий колоритга эга шарқ бозорини ташкил этиш;

- болалар оромгоҳларини хусусий шериклик асосида ривожлантириш каби фикрларни чуқур ўрганиб, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар киритиш топширилди.

Ўз навбатида, Президент соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида туризмни ривожлантириш бўйича жамоатчилик кенгашини тузишни таклиф қилди. Бу ташаббус учрашувда иштирок этган туризм соҳаси вакиллари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Йиғилиш давомида мутасаддиларнинг ҳисоботлари ва режалари тингланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг