Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги йилни шифохонада кутиб олишни хоҳламасангиз...

Янги йилни шифохонада кутиб олишни хоҳламасангиз...

Фото: «1zoom.ru»

Айни кунларда халқимиз Янги йил байрамини нишонлашга қизғин тараддуд кўрмоқда. Ана шундай байрам ва шодиёналарни оила даврасида тўкин дастурхон атрофида нишонлаш гўзал анъаналаримиздан ҳисобланади. Дастурхондаги озиқ-овқат маҳсулотларини кимдир уйида тайёрласа, кимдир деҳқон бозорларидан, савдо мажмуаларидан, яна кимдир белгиланмаган жойларда савдо қилаётган фуқаролардан сотиб олади. Бу маҳсулотларнинг ҳаммасининг ҳам хавфсизлиги кафолатланмаган, уларни сақлаш ва сотиш жараёнида санитария қоида ва меъёрларига риоя этилмаган бўлиши мумкин. Айниқса, тез бузилувчи гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, кремли қандолот, салатлар, хамирли ва бошқа хавфсизлиги кафолатланмаган маҳсулотлар истеъмол қилиниши натижасида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари келиб чиқиши мумкин, деб огоҳлантиради Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Хавфсизлиги ва сифати кафолатланмаган уй шароитида тайёрланган, ботулизм қўзғатувчилари билан зарарланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш овқатдан заҳарланишнинг энг оғир тури – ботулизм касаллиги келиб чиқишига сабаб бўлади. Шунингдек, бошқа тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва сотиш жараёнида санитария қоида ва меъёрларига риоя этилмаслиги уларнинг касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар билан зарарланишига, истеъмол қилганда эса овқатдан заҳарланишларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Ботулизм ва бошқа бактериялардан заҳарланган одамда касаллик белгилари икки соат ўтиб ёки саккиз-ўн кун давомида пайдо бўлади, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қорин соҳасида оғриқ, ичнинг тез-тез келиши, тана ҳарорати кўтарилиши кузатилади. Ботулизм касаллигида  нафас олиш қийинлашади, жисмлар кўзга иккита бўлиб кўриниши (диплопия), кўз қовоқлари осилиб қолиши (птоз), ютишга қийналиш ва гапириш қобилияти пасайиши, бўйин ва оёқ мушаклари заифлашиши каби касалликнинг клиник белгилари намоён бўлади. Ушбу белгилар кузатилганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур, касалликни уй шароитида ўз билганича даволаш қатъиян ман этилади.

Янги йил байрами тадбирларида турли хил нохуш ҳолатлар ва кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишда жуда ҳам эҳтиёткор бўлишимиз, белгиланмаган жойлардан номаълум шароитда тайёрланган, сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари бўлмаган, ташқи кўриниши шубҳали бўлган, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни сотиб олмаслигимиз, айниқса, тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шароитларига эътиборли бўлишимиз ва уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилмаслигимиз талаб этилади.

Хонадонда паст ҳароратда сақланиши талаб этилган маҳсулотларни совутгичларда сақлаш лозим. Пишган ва хом маҳсулотлар бир жойда сақланиши мумкин эмас, таомлар, салатларни эҳтиёжга қараб тайёрлаш, узоқ сақланиб қолган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик керак.

Унутманг, ҳар биримиз ўзимиз ва оила аъзоларимиз саломатлиги учун масъулмиз!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг