Ёниб кетган «Уч қаҳрамон» бозори тақдирини «Тошкент метрополитени» ДУК ҳал қилади – расмий муносабат

2025 йил 11 август куни Тошкент тумани ҳудудида жойлашган «Уч қаҳрамон ихтисослашган савдо мажмуаси» МЧЖда ёнғин содир бўлган ва тахминан 8 минг кв.м майдондаги жами 137 нафар тадбиркорнинг дўконлари (181 та тадбиркор дўкони ва 76 та бўш дўкон) ёнғиндан зарар кўргани айтилган эди.
Дастлабки маълумотномага кўра, жамият ва фуқароларга жами 74 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 259-моддаси, 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Бугун 2025 йил 14 август куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев мазкур бозорда бўлиб, унинг ҳудудида тадбиркорлик қилиб келаётган фуқаролар, шунингдек, мажмуа ишчи-ходимлари билан мулоқот қилди.
Тадбирда маълум қилинишича, бозор маъмурияти ёнғин оқибатида жабрланган 165 та тадбиркорлик субъектларига фаолиятини давом эттиришлари учун бозор ҳудудида 63 та бўш турган дўконлар, 125 нафар тадбиркорлик субъектларига 2 ой муддатга ижара тўловисиз ажратиб берган. Шундан 8 нафар тадбиркор рад жавобини бериб, фаолиятини давом эттирмаслигини маълум қилган.
Мулоқотда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, жумладан, бозорнинг келгуси фаолияти хусусида Тошкент метрополитени қарор қабул қилишини маълум қилган.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти ҳокимининг 1993 йил 19 майдаги 107-сонли қарорига асосан Тошкент метрополитенига Юнусобод линиясининг вагон депосини қуриш учун 6,5 га суғориладиган ер майдони ажратиб берилган.
Тошкент тумани ҳокимининг 2009 йил 17 апрелдаги 12-сонли қарорига асосан эса «Метрополитен капитал қурилиш» УКга қарашли майдонда «Уч қаҳрамон ихтисослашган савдо мажмуаси» МЧЖ томонидан узоқ муддатли ижара асосида қурилган савдо павильонлари ва расталари вақтинчалик фойдаланишга қабул қилинган ва бозор фаолияти йўлга қўйилган.
Бугунги мулоқотда маълум қилинишича, 2026 йил 1 мартдан бошлаб бу ерда метрополитен учун зарур инфраструктура объекти қурилиши бошланади. Бу ҳақдаги метрополитен раҳбари Раҳмонбек Усмоновнинг телефон орқали берган изоҳи ҳам Зойир Мирзаев томонидан тадбиркорларга етказилди.
Ўз навбатида, Тошкент вилояти ҳокимлиги тадбиркорларнинг келгуси фаолиятлари учун савдо-саноат палатаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини, очиқ мулоқотга ҳар доим тайёрлигини билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter