Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёз жуда иссиқ бошланди, лекин бу — «рекорд» эмас!

Ёз жуда иссиқ бошланди, лекин бу — «рекорд» эмас!

Ҳатто бизнинг Ўрта Осиё иқлимимиз учун ҳам 2023 йил ёзининг боши жуда иссиқ билан бошланди. Ўзбекистон ҳудудида биринчи ўн кунликнинг ўртача ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматлардан 2-4 даражага юқори бўлди. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар бермоқда.

Ҳаво ҳароратининг энг юқори қийматлари ўн кунликнинг ўрталарида кузатилди. Шу кунларда кундузи ҳаво 38-40 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда 42 даражагача исиди.

Биринчи ўн кунликнинг охирига келиб, нисбатан салқин ҳаво оқими республика ҳудуди бўйича ҳарорат фонини бироз пасайтирди. Ҳароратнинг энг сезиларли пасайиши Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида кузатилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ҳарорати 7-10 даражагача пасайди. Республиканинг қолган ҳудудларида ҳароратнинг пасайиши унча ифодаланмади, аммо барибир ҳароратни 4-6 даражага пасайиши сезилди.

Бироқ, шу ҳафтанинг бошидан ҳарорат яна кўтарила бошлади. Ҳафта охирига келиб, 37-40 даража, жанубда ва чўл ҳудудида 41-42 даражагача исиди.

Июн ойида бундай ҳарорат қийматлари ўз-ўзидан истисно эмас. Аммо, ёзнинг бошида ҳаво ҳарорати меъёрдан сезиларли даражада бундай узоқ давр кўтарилиши Ўзбекистонда ҳар йили кузатилмайди.

Сўнгги марта бундай иссиқ об-ҳаво 2021 йил июн ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунликларида кузатилган. 2021 йил июн ойи барча кузатув йиллари учун энг иссиқ ой бўлган.  Ўшанда максимал ҳарорат 42-44 даражага, республиканинг шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида 45-46 даражага етганди.

Шундай қилиб, ҳарорат қийматларига кўра, ушбу йилнинг июн ойи 2021 йилнинг энг иссиқ июнига «ета олмади», дейилади «Ўзгидромет» хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг