Зарафшон шаҳри майдони икки баробар кенгаяди
Сенатнинг 19-ялпи мажлисида Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Томди тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур ташаббус Зарафшон шаҳрининг истиқболли ривожланиши, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, инвестицияларни жалб этиш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қарор билан Томди тумани ҳудудидан 2 459 гектар ер майдонини Зарафшон шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда.
Янги ҳудудларни ўзлаштириш натижасида 250 дан ортиқ саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, 90 та ижтимоий соҳа объекти, шунингдек, 500 дан ортиқ савдо-маиший ва хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш режалаштирилган.
Зарафшон шаҳрида саноат ва ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши, аҳоли сони ва иқтисодий фаолликнинг ортиб бориши натижасида уй-жой, ижтимоий соҳа ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига бўлган эҳтиёж ҳам ошиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, шаҳар чегараларини кенгайтириш унинг келгусидаги ривожланиши учун зарур ҳудудий имкониятларни яратади.
Шу билан бирга, янги ҳудудларда турар жойлар барпо этиш билан бир қаторда, аҳолини ичимлик суви, электр энергияси, йўл, канализация ва бошқа зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш имкониятлари яратилади.
Бу, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар ва меҳнат бозорига кириб келаётган фуқаролар учун янги имкониятлар очиб беради.
Сенаторлар ўз чиқишларида янги ҳудудларни комплекс ва режали ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, уларни шаҳар таркибига қўшишда фақатгина маъмурий ўзгартириш билан чекланиб қолинмай, балки ушбу ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш кераклигини таъкидлади.
Муҳокамадан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Маълумот учун: Томди — мамлакатимизда майдони катталиги бўйича Қўнғирот ва Учқудуқдан кейинги учинчи туман. Туман ҳудуди — 42,4 минг квадрат километр. Навоийни ҳисобга олмаганда, Ўзбекистондаги исталган вилоятдан катта ҳудуд. Шу улкан ҳудудда 15 минг атрофида одам яшайди.
Шу ракурсдан қаралса, қизиқ рақамлар ҳосил бўлади:
- Томдидан Зарафшон шаҳрига ўтказилаётган ер майдони (2 459 гектар) туман умумий ер майдонининг атиги 0,058 фоизини ташкил этади. Шу боис бу ўзгариш туман харитасида деярли сезилмайди.
- Зарафшон майдони жуда кичик — 20 кв км атрофида. Қўшилаётган 24,59 кв км (2 459 гектар) билан шаҳар ҳудуди икки баробардан ҳам кўпроққа кенгайиб, умумий майдони қарийб 44,6 кв. км га етади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter