Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Банк ходими коронавирус тарқатгани» ҳақидаги видеога муносабат билдирилди

«Банк ходими коронавирус тарқатгани» ҳақидаги видеога муносабат билдирилди

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Телеграмм гуруҳларда ўзини ички ишлар ходими деб таништирган фуқаро бир банк ходими коронавирус касаллигини юқтириб олиб, уйма-уй, маҳаллама-маҳалла юриб пул тарқатганини айтгани ва ҳақорат қилгани видеоси тарқалди.

Ушбу видеога АТ «Халқ банки» Наманган вилоят филиали бошлиғи Баҳром Юлдашев баёнот берди.

«Коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини ҳимоялаш бўйича Ҳукуматимиз томонидан катта чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун Халқ банки шаҳар ва туман бўлимлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғини биноларида аҳолини тўплаб пенсия тарқатмасдан, пенсия ва нафақа пуллари махсус автомашиналарда аҳоли уйларига етказиб берила бошланди.

Бунда пенсия ва нафақа тўловлари учун Марказий банк вилоят бош бошқармасидан стерилланган нақд пуллар олиниши, ҳар бир пенсия ва нафақа олувчига бериладиган нақд пуллар стерилланган пакетларда тарқатилиши, барча сайёр кассалар ходимлари ва автомашина ҳайдовчилари тиббий ҳимоя маскаси ва қўлқоп, спиртли антисептик воситалар билан таъминланиши йўлга қўйилди.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Халқ банки вилоят филиали ходими коронавирус инфекциясига чалиниб, пенсия пулларини тарқатгани тўғрисида асоссиз видеоматериал тарқалганига гувоҳ бўлдик. Халқ банки вилоят филиали номидан бу хабарнинг тўла асоссиз эканини маълум қиламиз.

Шу ўринда, Сизнинг саломатлигингиз ҳимоясини тўла таъминлаш мақсадида Халқ банкининг Наманган шаҳар ва туманлар бўлимларида ишловчи барча ходимлари коронавирус инфекциясига тестдан ўтказилгани ҳамда барчаси соғлом эканини ҳам қайд этамиз.

Биз Халқ банки Наманган вилояти филиали сифатида сизга хавфсиз ва қулай хизмат кўрсатишда давом этамиз, Сиз биз учун уйда қолинг!» – дейилади баёнотда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг