Европа коронавирусга қарши карантинсиз курашишга қарор қилди. Хўш, қандай қилиб?

Европа коронавируснинг иккинчи тўлқинига ҳозирлик кўрмоқда. Баҳорги карантин кўҳна қитъа иқтисодиётига омонсиз зарба берди. Узлатнишин ҳаётнинг инсонлар руҳиятига салбий таъсирини-ку айтмаса ҳам бўлади! Фалаж ҳолатига тушиб қолган иқтисодиётни давлат кўмаги билан билан оёққа турғазиш амримаҳол экани аён бўлиб қолди. Шу боис сиёсатдонлар вирусга қарши карантинсиз курашган маъқуллигини таъкидламоқда. Алҳосил, Европа мамлакатлари бўйлаб инфекцияга қарши курашнинг шведча тажрибаси қўлланиши кутилмоқда.
Швеция пандемиянинг илк давриданоқ кескин карантин чекловини жорий этмади. Умумий овқатланиш масканлари, боғча ва мактаблар фаолиятини давом эттирди. Гарчи бу ҳол дастлаб танқидий баҳоланган бўлса-да, эндиликда аксар давлатлар шведча усул маъқул эканини тан олмоқда.
Пандемия даврида ЕИ нафақат ташқи дунёдан иҳоталанди, ҳатто иттифоққа аъзо 27 давлат ўртасида ҳам чегаралар ёпилди. Бу ҳол сўнгги ўн йилларда кузатилмаган эди. Мисли кўрилмаган карантин чекловлари сабаб иқтисодиётнинг турли соҳалари касодга учраёзди.
Евроиттифоқ мамлакатларининг бир йиллик иқтисодий ишлаб чиқариши 14 триллион еврони ташкил этади. Коронавирус йиллар мобайнида давом этиб келаётган иқтисодий ўсишга чек қўйди.
Европанинг икки қудратли арбоби – Франция президенти Эммануэль Макрон ҳамда Германия канцлери Ангела Меркель карантин чекловининг зарарли жиҳатлари ҳақида баёнот берди. Хусусан, Меркель баҳорги карантинн давридаги Европа иттифоқининг 450 миллион аҳолиси уйга қамалганини нохуш тушга ўхшатган.
Канцлер хоним, айни чоқда, куз ва қишда эпедемияга қарши кураш икки карра мушкул кечишини эслатган ва ижтимоий масофага риоя қилиш, ниқоб тақиш каби чоралар бўйича жазо кучайтирилиши мумкинлигини ҳам истисно этмаган.
Португалия бош вазири Антониу Кошта ҳам гарчи вазият мушкул бўлса-да, ҳукумат март ва апрель ойидаги каби кескин чекловларга қайтмаслигини эълон қилди.
Пандемиянинг илк тўлқинидан жуда катта йўқотишлар билан чиққан Италия ҳам ялпи карантин тартибига қайтмасликни маъқул кўрмоқда. Италия соғлиқни сақлаш вазири Роберто Сперанцага кўра, ҳозирда шифокорлар вирусга қарши кураш борасида катта тажриба тўплади, тест ва кўрик ўтказиш жараёни такомиллашди.
Эътиборли томони, шу пайтга қадар кескин чекловлар тарафдори бўлиб келган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа бўйича минтақавий директори Ҳанс Клюге ҳам ялпи карантинсиз курашишни тавсия этмоқда.
Қайд этилишича, март ойида вазият ўта мавҳум эди. Коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида етарли маълумотга эга бўлмаган тиббиёт вакиллари ҳам саросимага тушиб қолган эди. Энди эса даволаш-муолажа борасида катта билим ва тажриба орттирилди. Айрим мамлакатлар эса вакцина яратишга жуда-жуда яқин турибди. Энг муҳими, одамлар онгида кўр-кўрона қўрқув ўрнини онгли эҳтиёткорлик эгаллади. Таълим масканлари очилгани эса ижтимоий ҳаётни эски ўзанга қайтариш йўлидаги дадил қадамдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter