Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғонада коронавирусга чалинган аёл 1 ойдан бери тузалмаяпти. Уханда ҳам шундай ҳолат учраганди

Фарғонада коронавирусга чалинган аёл 1 ойдан бери тузалмаяпти. Уханда ҳам шундай ҳолат учраганди

Фото: Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси

Хитойдан ташриф буюрган шифокорлар 20-21 апрель кунлари Фарғона вилоятида ҳам бўлди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонаси шифокорлари билан хитойлик мутахассислар ўртасида онлайн видеосуҳбат жараёнида фарғоналик шифокорлар COVID-19 аниқланган ҳар бир беморда касалликнинг клиник кечиш симптомлари, уларни даволаш жараёнида туғилаётган айрим муаммолар тўғрисида савол бериб, хитойлик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашдилар. Хитойлик мутахассислар эса ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, зарур тавсияларни беришди.

Хусусан, Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори С.Боййигитов қуйидагича савол билан мурожаат қилди:

– 1988 йилда туғилган аёл 2020 йил 20 март куни коронавирус аниқланиб, шифохонамизга ётқизилган. Унга вирус ва инфекцияга қарши барча зарур даво муолажалари стандарт асосида олиб борилмоқда. Бемор ўзини яхши ҳис қилади, унда касалликнинг клиник белгилари ва бошқа асоратлари сезилгани йўқ. Аммо орадан бир ой вақт ўтса-да, бемордан олинган қон таҳлиллари натижаси мусбат чиқмоқда. Хитойда ҳам шу каби ҳолат учраганми? Учраган бўлса қандай даво чоралари кўрилган?

Бу саволга хитойлик мутахассислар Ухан тажрибасида ҳам бундай ҳолат учрагани, баъзида вирус касалланган одам қонида 50 кунгача ҳам сақланиб туриши мумкинлигини айтиб, бу бемор шифохонада яна бир неча кун ётиб даволаниши зарурлиги ҳақида тавсия беришди.

Шунингдек, фарғоналик мутахассислар «Агар эмизикли аёл ва унинг чақалоғида вирус аниқланган бўлса, чақалоқ онасининг кўкрак сутидан озиқланиши хавфли эмасми? Хитойда бу борада қандай йўл тутилмоқда?» деган саволларига меҳмонлар «она шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда чақалоғини эмизишда давом этса бўлади», деган мазмунда жавоб қайтаришди.

Шундан сўнг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали мажлислар залида хитойлик мутахассислар ва фарғоналик шифокорлар иштирокида «Шифохона ичи инфекциясининг олдини олиш» тўғрисда  маҳорат дарси  ташкил этилди.

Меҳмонлар хитойнинг Ухан шаҳри тиббиёт ходимлари тажрибасидан келиб чиқиб, COVID-19ни даволашнинг самарали усуллари, бу жараёнда тиббиёт ходимлари олдида турган энг муҳим вазифалар, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш ва бошқа масалаларда ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Маҳорат дарси жараёнида хитойлик шифокорлар шахсий ҳимоя кийимларини тўғри кийиш ва ечиш, беморларнинг олдида қандай ҳаракатланиш зарурлиги ҳақида кўргазмали машғулот ҳам намойиш қилишди.

21 апрель куни хитойлик шифокорлар бир қатор вилоят даволаш профилактика муассасаларида ташкил этилган захира карантин марказида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирдилар.

Меҳмонлар бу ердаги шароитга ижобий баҳо бериб, ўз тажрибаларидан келиб чиқиб бир қатор тавсияларни ҳам беришди. Масалан, хоналардаги ҳавони тозалаб турувчи ҳаво йўлларини вақтинчага ёпиб қўйиш ҳисобига вирус тарқалишининг олдини олиш мумкинлиги, хонани эса фақат деразалрни очиш орқали шамоллатиш кераклиги бўйича фикрлар билдирилди. Чунки Хитой тажрибасида бир хонада ётган бемор одам нафас олганида чиққан вируслар ҳаво йўли орқали юқори қаватдаги бошқа соғлом беморга юқиш ҳолати ҳам учраганини айтишди. Шунингдек дезинфекция қилиб туриш борасида ҳам муҳим тавсиялар беришди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг