Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фаттоҳ Шодиев фонди Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларга ёрдам беради

Фаттоҳ Шодиев фонди Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларга ёрдам беради

Шодиев Халқаро фонди (ICF) коронавирус пандемияси вақтида Ўзбекистон фуқароларига кенг кўламли ёрдамни давом эттиради. ICF шу мақсад йўлида Россияда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларига ёрдам бераётган «Саҳоват» маркази ҳамкорига айланди.

«Саҳоват» маркази Ўзбекистон Республикаси элчихонаси кўмаги остида Москва шаҳрида яшаб келаётган ўзбекистонликлар томонидан очилган. Марказнинг асосий мақсади — Россияда ишсиз ва яшаш учун даромадсиз қолиб кетган ўзбекистонликлар, уларнинг оилалари ва коронавирус пандемиясига қарши ўрнатилган карантин боис Ватанга қайтишга улгурмай қолган ҳамюртларимизга ёрдам беришдан иборат.

Айни вақтда «Саҳоват» маркази Москва шаҳри ва Москва вилоятида фаолият олиб бормоқда. Шу билан биргаликда Россиянинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам фаолиятни ривожлантириш ҳаракати йўлга қўйилмоқда. Шу вақтга қадар муҳтожларга озиқ-овқат ва дори-дармон воситаларини манзилли етказиб бериш йўлга қўйилган. Молиявий кўмак кўрсатиш тизими устида иш олиб борилмоқда. Биринчи навбатда аёллар, ёш болали оилалар, қария ва ногиронларга ёрдам кўрсатиляпти.

Шодиев фонди «Саҳоват» маркази муваффақиятли ва самарали фаолият кўрсатиши ҳамда ўз географиясини кенгайтириши учун пул ажратади. Фонд асосчиси, меценат Фаттоҳ Шодиев бу борада шундай деди:

«Биз бундай ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз ва «Саҳоват» маркази асосчилари ҳамда кўнгилли хизматчиларига, шунингдек, Россия ҳудудида оғир вазиятда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларининг тақдирига бефарқ бўлмаган барчага миннатдорчилик билдирамиз. Биздаги маълумотларга қараганда Россия ҳудудида қолиб кетган ўзбекистонликлардан 1 миллионга яқини фавқулодда ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин. Уларнинг аксарияти ўз ишини йўқотган ва оғир аҳволда қолган меҳнат муҳожирларидир. Биз ёрдамга муҳтож бўлган ўзбекистонликлар ва уларнинг оиласига кўмак кўрсатиш учун «Саҳоват» маркази билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз».

Шодиев Халқаро фонди шунингдек Ўзбекистон ҳудудида ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ хайрия дастурларини давом эттиради. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларнинг келгуси босқичи ҳақида яқин вақтлар ичида хабар берилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг