Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавируснинг яна бир қўрқинчли асорати аниқланди

Коронавируснинг яна бир қўрқинчли асорати аниқланди

Фото: «Riafan.ru»

Сингапурлик шифокорлар коронавирус келтириб чиқарадиган яна бир асоратни исботлашди. Бу аортада тромблар пайдо бўлганда ривожланадиган оёқ гангренасидир, деб ёзади «The Straits Times».

Шифокорларнинг сўзларига кўра, 39 ёшли эркак кутилмаганда ўнг оёқдаги кучли оғриқдан шикоят қилиб қолган. Унинг учта бармоғида эса гангрена ривожлана бошлаган. Тиббиёт ходимлари бу аортада қон қуюқлашиши туфайли келиб чиққанлигини айтишмоқда. Бунгача у ўпкани сунъий вентиляция қилувчи аппаратга улаб қўйилиб, бир неча кун ҳушсиз ҳолатда ётган. Эркакни тезда операция қилишиб, унга доимий стент ўрнатишди. Уч ойдан сўнг унинг гангренаси йўқолиб, бемор яна бемалол юра бошлади.

«Катта қон айланиш доирасининг энг йирик қон томири ҳисобланган аортада камдан-кам ҳолларда тромб юзага келади», — деди Тан Ток Сен шифохонасининг етакчи маслаҳатчиси, умумий жарроҳлик бўлими бошлиғи, профессор Гленн Тан. Унинг тасдиқлашича, бемор иситма ва нафас сиқиши билан шифохонага ётқизилган, унда бошқа касалликлар қайд этилмаган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, COVID-19 билан касалланган оғир беморларда тромб ҳосил бўлиш хавфи юқори бўлиб, бу инсульт, юрак хуружи ва бошқа хавфли асоратларга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Профессорнинг таъкидлашига қараганда, тромб пайдо бўлган коронавирус беморлари кўп эмас. Чунки уларнинг аксарияти нисбатан ёш ва соғлом инсонлардир.

«Оёқ гангренаси диабет каби касаллиги бўлмаган ёшлар учун ноодатий ҳол», — дея изоҳлади Тан.

«Worldometers» ҳисоб-китобларига кўра, бутун дунё бўйича 38 392 207 киши коронавирусга чалинган, шундан 1 091 313 нафари ҳаётдан кўз юмди. 28 865 766 нафар бемор янги вирусдан фориғ бўлди. Касалланганлар сони бўйича АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилия жаҳонда олдинги ўринларда бормоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг