Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинаси қачон бозорга чиқарилиши айтилди
Jurabek Laboratories фармацевтика компанияси Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини серияли ишлаб чиқаришни бошлади. Бу ҳақда маркетинг ва сотиш бўлими бошлиғи Азиз Соиповга таяниб «Газета.uz» хабар берди.
Маълумотларга кўра, дори октябрь ойида ички бозорга чиқади. Унинг аниқлик киритишича, сифатни назорат қилиш учун серияли ишлаб чиқариш вакцинасининг намуналари препаратни ишлаб чиқувчи — Н. Ф. Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий марказига, шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази юборилган.
«Вакцинани қуйиш аллақачон бошланган. Биз ҳар бир серияни текширувдан ўтказиш учун Россияга юборамиз. Таҳлиллар тахминан уч ҳафта давом этади. Россияда ва [маҳаллий] давлат маркази лабораториясида параллель назорат мавжуд. Жавоблар чиқиши билан биз [вакцинани Соғлиқни сақлаш вазирлигига] жўнатишимиз мумкин бўлади», — деди Азиз Соипов.
Август ойи охирида Ўзбекистон ҳукумати Jurabek Laboratories компаниясида ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 ва «Спутник V» вакциналарини давлат рўйхатидан ўтказишга рухсат берган эди.
Заводнинг ишлаб чиқариш қуввати ойига 2 миллион доза «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришга имконият беради.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзосининг маълум қилишича, Ўзбекистонда шу кунга қадар қўлланилган вакциналарнинг 79 фоизи — ZF-UZ-VAC2001, 14 фоизи — Moderna, 5 фоизи — AstraZeneca ҳамда 2 фоизи — «Спутник V» вакцинаси ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter