Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзмиллийбанк» ходимлари бир кунлик иш ҳақини «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» фондига ўтказди

«Ўзмиллийбанк» ходимлари бир кунлик иш ҳақини «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» фондига ўтказди

Бугун мамлакатимиз ва бутун дунёга жиддий хавф солаётган коронавирус пандемиясига қарши курашиш борасида кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Инфекция аниқланган давлатлар, уни юқтирган одамлар сони кун сайин кўпайиб бораётгани энг аввало, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун барча имкониятларни ишга солишни талаб этмоқда.

Шу боис, Ўзбекистонда ҳам халқимизни бу офатдан асраш, вирус аниқланган беморларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони мураккаб даврда халқимиз, бутун жамиятимиз учун кўрсатилган ғамхўрликнинг яққол ифодаси бўлди.

Зотан, мазкур Фармонга асосан ҳозирги шароитда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида 10 трлн сўм маблағнинг йўналтирилгани тарихий аҳамиятга моликдир.

Айтиш жоиз, айни синовли вазиятда халқимизга хос баҳамжиҳатлик ва саховатпешалик каби фазилатлар янада кўпроқ намоён бўлмоқда.

COVID-19 пандемиясига қарши курашда фуқароларимизни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган «Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига тушаётган беминнат маблағлар ҳам бунинг далилидир.

Мазкур акция доирасида «Ўзмиллийбанк» АЖ ходимлари ҳам ихтиёрий равишда бир кунлик иш ҳақларини мазкур фондга беғараз ўтказиб бердилар.

Бу каби хайрли ишлар эса, синовли дамларда халқимизни янада жипслаштиради, ҳамжиҳатликни кучайтиради. Зеро савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг