Самарқандда махсус комиссия қарори тадбиқ этилмайди

2020 йил 13 май соат 06:00 дан бошлаб Самарқанд шаҳри бўйича карантин қоидалари кучайтирилган ва бу чекловлар Самарқанд шаҳри учун ўз кучида қолади.
Вилоятдаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда вилоят махсус комиссиясига мустақил қарор қабул қилиш ваколат берилган. Шу сабабли Самарқанд шаҳрида эпидемиологик вазият юмшамаганлигидан келиб чиқиб, қатъий карантин чекловлари давом этади. Республика махсус комиссиясининг қарорида белгиланган талаблар Самарқанд шаҳри учун тадбиқ этилмайди.
Шу сабабли Самарқанд шаҳрида карантин чекловлари юмшатилмаганлигини инобатга олиб, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси фуқароларни огоҳлантирган.
Унга кўра, эҳтиёжлар учун бозор, дўкон ёки дорихоналарга чиқилганда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш, ўзида касаллик белгиларини сезган шахслар зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш, карантиннинг барча чекловларига қатъий риоя қилиш талаб этилади.
Кўчада бемақсад юрган фуқаролар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар, дейилади Самарқанд ИИБ ахборот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг жорий йил 14 майдаги қарори билан амалдаги карантин талаблари 2020 йил 1 июнга қадар узайтирилгани ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, «қизил», «сариқ» ва «яшил» ҳудудларнинг янги талаблари белгиланди. Шунингдек, 2020 йил 18 май кунидан бошлаб ҳудудларда карантин қоидалари анча енгиллаштирилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter