«Тўртта тўйда 110 та касаллик аниқланган». Алишер Шодмонов вируснинг кенг тарқалиши сабабларини айтди (видео)
Охирги 14 кунда коронавирус бўйича аниқланган ҳолатларнинг 52 фоизи чет элдан келган фуқароларда, 48 фоизи эса мамлакат аҳоли орасида аниқланган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
– Аҳоли орасида тўй, турли маросим ва оилавий тадбирлар вируснинг тарқалишига хизмат қилаяпти. Масалан, 4 та тўйда 110 та касаллик аниқланган, бундан ташқари, биргина Юнусобод туманида ўтказилган тўйда 79 киши вирус юқтириб олган. 30 кишилик лимитга риоя этиш учун бир кунда уч марта тўй қилинган, – дейди вазир.
Қайд этилишича, охирги бир ойда Ўрикзорда 35 та, Юнусобод бозорида 39 та, Чорсуда 11 та, Абу Сахийда 47 та, Чилонзор буюм бозорида 52 та ҳолатда вирус аниқланган. Қурилиш ташкилотларида 200 дан ортиқ кишида вирус қайд этилган.
Коронавирус билан боғлиқ вазият авж олса, Ўзбекистон тиббиёт тизими юқори босимга дош бера оладими?
Алишер Шодмоновнинг айтишича, ҳозирда касалларни даволашга тизимнинг имкониятлари етарли. Тошкентда ва жойларда касалхоналар тайёрланган, захира ўринлари ҳам яратилган.
Шу билан бирга, бугунги кунгача тез тиббий ёрдам, туғуруқхоналар ўз фаолиятини узлуксиз давом эттираяпти, ижтимоий касалликларга ҳам тўлиқ ёрдам кўрсатилаяпти. Лекин коронавирус билан боғлиқ вазият издан чиқиб кетса, касаллик авж олса, тиббиёт тизими оғир аҳволга тушиб қолиб, ана шу ёрдамлар тўхтаб қолиши мумкин.
– Шу ҳолатга олиб бормаслик учун ҳамма ҳаракат қилиши керак. Чекловларни, карантинни қаттиқ ушлашимиз керак. Бу қўлимиздан келади. Март-апрель ойларида буни исботладик, касаллик тарқалишини жиловлай олдик, – дейди вазир.
Интервьюни тўлиқ қуйидаги видеода томоша қилишингиз мумкин:
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter