Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Акмал Нурга Япониянинг юксак мукофоти топширилди

Акмал Нурга Япониянинг юксак мукофоти топширилди

Япония элчиси Т.Ҳатори А.Нурга мукофотни топширмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Халқ рассоми Акмал Нурга (Нуриддинов) Япония императорининг «Чиқаётган қуёш ордени, Олтин нурли бўйин тасмаси» (Order of the Rising Sun, Gold Rays with Neck Ribbon) мукофоти тақдим этилди. Юксак мукофотни топшириш маросими бугун, 20 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтди.

Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори мазкур мукофот юқори натижаларга эришган шахсларга берилишини қайд этди.

«Бугун мен ушбу орденни Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддиновга унинг япон маданиятини оммалаштириш ва икки давлат ўртасидаги маданий алмашувни ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик хизматлари эътирофи рамзи сифатида топширмоқдаман», – деди Япония элчиси.

Дипломат у кўп қиррали фаолияти орқали икки дўст мамлакат ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришга ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон санъат ва маданият намояндалари ҳам қатнашди.

Ўз навбатида, Акмал Нур юксак эътироф учун Япония ҳукуматига миннатдорлик изҳор қилди.

«Япония Ўзбекистон учун муҳим ва яқин шерик ҳисобланади. Мамлакатларимиз ўзаро ҳурмат ҳамда ишончга асосланган дўстлик ва самарали ҳамкорлик муносабатлари билан мустаҳкам боғланган. Маданий-гуманитар соҳадаги робиталаримиз алоҳида эътиборга молик. Япониянинг маданий ва маърифий ўзига хослиги Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий ҳаёти билан ҳамоҳанг», – деди Акмал Нур.

Бадиий академия тасарруфидаги Икуо Ҳираяма халқаро маданият карвонсаройи миллий санъатимизни ўзаро танитишда кўприк вазифасини ўтамоқда. Бу масканда халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қиладиган турли ижодий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

А.Нур ўзбек-япон  маданий ҳамкорлиги янада ривожланиши, ижодий лойиҳалар қамрови кенгайишига ишонч билдирди.

Аввал хабар берганимиздек, Япония ҳукуматининг 2023 йил 3 ноябрдаги қарори билан Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов ҳам «Чиқаётган қуёш катта кордон» ордени билан тақдирланганди.

2022 йил март ойида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам ушбу орденга муносиб деб топилганди.

Маълумот ўрнида, Бадиий академия раиси Акмал Нурга 2022 йилда Япония ташқи ишлар вазирининг Фахрий ёрлиғи ҳам топширилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг