Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ассалом Наврўз» кино-ойлиги илк ҳафта якунлари

«Ассалом Наврўз» кино-ойлиги илк ҳафта якунлари

24 март куни «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Наврўз байрами муносабати билан ўтказилаётган «Ассалом Наврўз» кино-ойлигига старт берган эди. Сумалак тайёрлаш ва тантанали байрам дастуридан бошланган кино-ойликнинг илк ҳафтаси бир-биридан қизиқарли тадбирларга бой бўлди.

Мазкур кино-ойлик доирасида Тошкентда ва вилоятларда янги бадиий фильмлар премьераси, кўплаб қизиқарли ижодий учрашувлар, кино-намойишлар, халқаро онлайн анжуман, Aёллар медиа-клуби давра суҳбати, янги лойиҳалар тақдимотлари, юбилей маросими, ёшлар учун тренинг ва питчинглар бўлиб ўтди.

Вилоятлар бўйлаб таниқли киноижодкорлар иштирокида ўз сафарини бошлаган «Кинокарвон» лойиҳаси, «Cinemobil» инновацион кинотеатрлар ҳам жойларда мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди. Ойликнинг илк ҳафтасида умумий 8 мингга яқин фуқаролар учун янги премьералар, намойишлар ва ижодий учрашувлар ташкил этилди.

Хусусан, 25 март куни «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинаётган «Мерос», «Узбечка», «Аёл қисмати», Муҳаббат баҳори», «Ҳаёт афсунлари», «Риога йўл» ва бошқа фильмларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Сўнг, Ўзбекистон халқ артисти Мукамбар Раҳимованинг 80 йиллик юбилейига бағишланган ижодий кеча ва Зулфиқор Мусоқовнинг «Ҳайрат» бадиий фильми премьераси юқори савияда ўтказилди.

26 март куни эса таниқли киноижодкорлардан иборат «Кинокарвон» Самарқанд вилоятига етиб бориб, кино ихлосмандлари ва ёшлар билан ижодий учрашувларини бошлаб юборди. Муҳаммадали Искандаровнинг «Мен террорчи эмасман» фильми ҳам катта залда ҳам «Cinemobil» кўчма кинотеатрида премьера қилинди.

Тошкентда эса шу куни «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалининг ташкилий масалалари бўйича халқаро экспертлар иштирокида онлайн анжуман бўлиб ўтди. Сўнг Аёллар медиа-клубининг «Ўзбек киносида гендер тенглик масаласи» мавзусидаги навбатдаги учрашуви ўтказилди. Кун сўнггида Фотиҳ Жалоловнинг «Муқимий» тарихий драмасининг катта премьераси томошабинларга тақдим этилди.

27 март куни Тошкентда Элёр Ишмухаммедов ҳамда Одельша Агишевлар иштирокида ёшлар билан ижодий учрашув ташкил этилди. «Кинокарвон» эса Самарқанднинг Каттақўрғон, Пайариқ, Ургут, Қўшработ, Самарқанд, Нуробод ва Пастдарғом туманларида ўз намойиш ва ижодий учрашувларини давом эттирди.

28 март куни Қўқон шаҳрида «Муқимий» фильмининг премьераси тақдим этилган бўлса, Самарқандда бўлиб турган «Кинокарвон» ўзининг навбатдаги учрашув ва намойишларини ўтказди. Шу кун россиялик таниқли кинотанқидчи, журналист, «Кино санъати» журнали бош муҳаррири Антон Долин «Ўзбеккино» Миллий агентлигига норасмий тарзда ташриф буюрди. Ташриф чоғида агентлик томонидан суратга олиниши режалаштирилаётган янги лойиҳалар, ко-продукциялар ва бошқа масалалар биргаликда муҳокама этилди.

29 март куни эса Тошкентда «Ёшлар ижодий-тажриба студияси» томонидан 2021 йил ёшлар томонидан суратга олинадиган қисқа метражли фильмлар учун янги лойиҳалар тақдимоти ва питчинг бўлиб ўтди. Айнан шу кун «Кинокарвон» «Мен террорчи эмасман» фильмининг навбатдаги намойишларини ўтказди.

Олдинда «Ассалом Наврўз» кино-ойлиги давом этади.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги Ахборот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг