Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир неча дақиқалардан сўнг «Шарқ тароналари» фестивали бошланади

Бир неча дақиқалардан сўнг «Шарқ тароналари» фестивали бошланади

Фото: Xabar.uz

Самарқанд «Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивалига тайёр! Мутасадди ташкилотлар бу ҳақда хабар тарқатди. Шаҳар кўчалари ҳилпираган байроқлар, фестиваль логотиплари, гуллар билан безатилган. Лекин, эрталабдан Самарқанднинг айрим кўчаларида вақт-вақти билан транспорт ҳаракатида чекловлар кузатилмоқда. Бу жамоат тартибини сақлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан изоҳланди.

Ҳар икки йилда мунтазам ўтказилган анжуман пандемия туфайли тўхтаб қолган эди. Мана, беш йилдан сўнг яна ўтказилмоқда. Бу йил тайёргарлик ишлари одатдагидан кечроқ бошланган бўлса ҳам, Вазирлар Маҳкамаси ташкил этган штабда барча вазифалар назоратда бўлгани ва барча жиҳатларга улгурилгани таъкидланади.

Маданият вазирлиги матбуот хизматига кўра, бу йилги фестивалда 80 га яқин давлатдан 300 дан ортиқ иштирокчи қатнашади. Шунингдек, фестивалга қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари, олий мартабали меҳмонлар ташрифи ҳам кутилмоқда.

Бугун эрталабдан меҳмонларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш учун махсус гуруҳлар иш олиб бормоқда. Шу ўринда эслатиб ўтиш керак, кўплаб хорижий давлатлардан меҳмонлар Туркия орқали келишини ҳисобга олган ҳолда Истанбулдан қўшимча авиарейс қатнови ташкил этилган. Шунингдек, Тошкентдан ҳам авиа, темирйўл ва автобус ҳаракатида қўшимча махсус рейслар қўйилган.

Тайёргарлик жараёнида, фестивалнинг бош саҳнаси сифатида Регистон майдонида муваққат амфитеатр қурилди. Ўзбекистондаги таниқли маданият ва санъат намояндалари, режиссёрлар ҳамкорликда анжуманнинг очилиш маросими чиройли, сермазмун ўтиши учун қарийб бир ой давомида фаолият олиб борди. Очилиш маросимидаги оммавий саҳналарда 300 дан ортиқ иштирокчи қатнашади.

Маълумотларга кўра, «Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивали олдидан Регистон майдони ва унинг атрофида, шунингдек, бутун шаҳар бўйлаб 600 минг тупдан ортиқ гул, 100 минг туп бута кўчатлари экилган. 1500 та тунги ёритиш чироқлари ва прожектор, 1250 метр безакли чироқлар ўрнатилган. Шаҳар ва унинг атрофидаги 28 километр йўллар фестиваль руҳига мос тарзда безатилган. Тадбирларга тайёргарлик жараёнида 5,5 километр йўл асфальт қилинган ва 12 километр пиёдалар йўлаклари тартибга келтирилган.

Фестиваль иштирокчилари танлов дастуридан ташқари вақтда Самарқанд шаҳри ва яқин туманлардаги тўққиз жойда, истироҳат боғлари, амфитеатрларда концерт дастурларини намойиш этади. 

Халқаро илмий конференция ва бошқа бир қатор тадбирлар Самарқанд халқаро туристик маркази ва “Боқий шаҳар” мажмуасида ўтказилиши муносабати билан мазкур масканда ҳам тайёргарлик ишлари олиб борилган. 

Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар учун вилоятдаги тарихий-маданий обидалар, музейлар, бозорлар ва янги туристик масканларга саёҳатлар кўзда тутилган. Миллий чолғу асбоблари, ҳунармандлик буюмлари, миллий либослар кўргазмалари ташкил этилади. 

«Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивали расман бугун соат 19 да очилиши кутилмоқда.

М. Тангриёрова

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг