Бугун илк марта Бутунжаҳон туркий тиллар куни байрами нишонламоқда
Халқаро ҳамжамият шу йилнинг 15 декабрь куни Бутунжаҳон туркий тиллар оиласи куни байрамини илк бор нишонламоқда.
Бу борадаги қарор ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда ноябр ойида бўлиб ўтган анжуманида қабул қилинган эди. Бу сана бежиз танланмаган: 1983 йил 15 декабрь куни даниялик лингвист Вильгельм Томсен туркийларнинг Ўрхун ёзуви ўқишга муваффақ бўлган эди. Бу ёзув қадимиги турклар томонидан VIII асрда Мўғулистоннинг Ўрхун водийсида яратилган бўлиб, 1889 йилда топилган. Бугунги кунда дунёда 200 миллиондан ортиқ киши туркий тилда гаплашади.
Иордания пойтахти Амманда Жаҳон туркий тиллар оиласи кунига бағишланган маданий-маърифий кеча бўлиб ўтди. Туркия элчихонаси ташаббуси билан Юнус Эмро номидаги Турк маданият марказида ўтказилган тадбирда туркий тилли давлатлар – Туркия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон вакиллари, кенг жамоатчилик ва талабалар иштирок этди. Қирғизистон вакиллари Иссиқкўл ҳақидаги шеър ва «Манас» эпосидан парча ижро этишди. Ўзбекистонликлар ўқиган шеър ва ижро этган ўзбекча рақс ҳамда ўзбек таомлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Қозоғистон элчихонаси ўрнатган ўтовда миллий таомлар тортиқ қилинди.
Туркиянинг Иорданиядаги элчиси Ёқуб Джаймазоғлу туркий тиллар нафақат муомала воситаси, балки катта ҳудудда истиқомат қилувчи халқларнинг маданий қадриятларини ўзида акс эттирувчи ва умумий тарихий хотира манбаси эканини таъкидлади.
Тадбирда Иордания подшосининг яқинда Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташрифи мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшиши таъкидланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter