Буюк озарбайжон шоири куллиёти ўзбек тилида нашр этилди
Буюк озарбайжон шоири Муҳаммад Фузулийнинг икки жилдли «Куллиёт»и ўзбек тилида чоп этилди. Тўплам шоир таваллудининг 530 йиллиги муносабати билан Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази лойиҳаси доирасида нашр қилинди.
Фузулийнинг икки жилдли асарлари Ўзбекистонда илк маротаба 1959 йилда дунё юзини кўрган. Кейинги даврларда шоирнинг асарлари турли муаллифлар томонидан нашрга тайёрланган бўлса-да, унинг ижодини тўлиқ қамраб ололмаган. Янги «Куллиёт» мутафаккир асарларини кенг тарзда қамраб олиши билан аҳамиятлидир.
«Куллиёт»да Фузулийнинг турли даврларда ўзбек тилида чоп этилган асарлари, шу билан бирга, унинг озарбайжон тилидаги асарлари, «Девон»и қўлёзма нусхаларидан фойдаланилган ҳолда, аввалги нашрларда йўл қўйилган хатолар тузатилган, шарҳлар ва кичик луғат илова қилинган.
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Каримулла Маммадзода нашрга тайёрлаган тўпламга Озарбайжон Миллий фанлар академияси академиги Иса Ҳабиббейли ва Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Шуҳрат Сирожиддинов илмий муҳаррирлик қилган.
Озарбайжон маданият маркази ушбу нашр мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасалари ва кутубхоналарига туҳфа қилинишини билдирган.
Шоир ва мутафаккир Муҳаммад Фузулий озарбайжон, форс ва араб тилларида ижод қилган. Буюк шоирдан «Девон», «Лайли ва Мажнун», «Матлаъ ул-эътиқод», «Ҳадиқат ус-суадо», «Суҳбат ул-асмор», «Шикоятнома», «Бангу бода» «Анис ул-қалб», «Етти жом», «Ринду Зоҳид», «Сиҳҳат ва Мараз» каби назмий, насрий, фалсафий-дидактик асарлар мерос қолган. Бадиий юксак асарлари билан озарбайжон адабиётини янги босқичга кўтарган Фузулий ўзидан кейинги туркийзабон шоирларга ҳам кучли таъсир кўрсатган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter