Фотиҳ Жалолов: «Бугун аризамни ёздим»
«Ўзбекфильм» раҳбари Фотиҳ Жалолов «Ўзбеккино» раҳбари устидан ёзилган шикоят хатига имзо чеккани учун унинг жамоаси 4 ойдан бери ойлик ололмаётгани, ишдан кетиш ҳақида ариза ёзгани ҳақида гапирди, деб хабар бармоқда «Дарё».
«Бир ҳафта-ўн кундан бери жамоанинг кўзига қарай олмай қолдим. Бирор ишни қилинглар, дейишга ҳам тилим бормайди. Бу ерда 140 нафарга яқин киши ишлайди. Ўтган йили бир амаллаб чидадик. Бу йил ҳам чидашяпти. Лекин уларнинг ҳар бирида оиласи бор. Февраль ойидан бери ойлик олишмайди. «Ўзбекфильм» давлат буюртмасини қиладиган жой. Фильм бўлса, пул тушади. Умумий студия харажатларидан ходимларга ойлик берилади. Бу даргоҳ «Ўзбеккино» тизимидаги жой. Тизимга беэътибор бўлиш, ўз фарзандини ўзи кўмиши яхшиликка олиб келмайди. Шу пайтгача бунақа ҳолатни кўрмаганман. Бунинг, яъни ходимларимнинг ойлик ололмаётганига асосий сабабчи менман.
Раҳбар (Фирдавс Абдухолиқов назарда тутилмоқда - таҳр.) билан охирги гаплашганимизда у юзимга «сиз менинг устимдан хат ёзгансиз, хатга қўл қўйгансиз», деди. Бу ишга бир йилдан ошди. Хатга 109 киши қўл қўйган. Уларни мен мажбурлаб, қўл қўйдирмаганман. Ўз хоҳишлари билан қўл қўйган. Раҳбарни ўғрига чиқармаганмиз хатда. Шу ходимларни сал эътиборга олайлик, деган мақсадда хат ёзилган. Хўп, мен хат ёзганман, қўл қўйгандирман, шунинг учун ходимларга ойлик берилмаслиги керакми?.. «Ўзбекфильм»нинг 70 нафар ходими ҳам қўл қўйган, сиз уларни уйма-уй юриб, қўл қўйдиргансиз, бош бўлгансиз, шунинг учун «Ўзбекфильм»га ҳеч нарса йўқ, деди.
Нима учун мени деб бутун «Ўзбекфильм» қора кунларни бошдан кечириши керак? Менга боғлиқ бўлса, бу ердан кетганим яхши эмасми, деган фикр келди. Бугун аризамни ёздим. Битта мени деб бутун бошли «Ўзбекфильм» азият чекиши керак эмас. Актёрлигим бор, режиссёрлигим бор, жуда бўлмаса, фермер хўжалигим бор. Агар мен кетсам, шу ерда иш яхшиланиб кетса, мен фақат хурсанд бўламан», — деди Фотиҳ Жалолов.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили бир гуруҳ кино намоёндалари «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори устидан ҳукумат раҳбарига шикоят қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter