Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Frankfurter Buchmesse»: муҳим учрашувлар, қизғин музокаралар

«Frankfurter Buchmesse»: муҳим учрашувлар, қизғин музокаралар

Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги

Дунё ноширлари Франкфурт китоб кўргазмасини шу соҳанинг жаҳон чемпионати ёки олимпиадасига муқояса қилади. Чунки кўргазмада барча давлатлар ва нашриётлар иштирок этишга интилади. Буюртмалар олти ой аввал қабул қилинади. Бу ҳақда Матбуот ва ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Кўргазма майдони 20 гектардан ортиқни ташкил этади. 10 дан ортиқ икки қавватли ойнаванд биноларнинг бир қарич ҳам ери бўш эмас. Унда дунёнинг етакчи нашриётлари ходимлари, савдо компаниялари вакиллари, реклама агентлари билан бир қаторда таниқли сиёсатчилар, «Нобел» мукофоти совриндорлари, таниқли журналистларни учратиш мумкин.

Халқаро тадбирнинг икккичи куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори, делегация раҳбари Лазиз Тангриев кўргазманинг фахрий меҳмони, Грузия делегацияси вакиллари ҳамда Грузия ноширлари ва китоб савдогарлари ассоциацияси раҳбари Тинатин Бериашвили билан учрашув ўтказди.

Учрашувда китобларни нашр этиш, таржима қилиш бўйича муаллифлик ҳуқуқини сотиш ва сотиб олиш, оригинал муқовалардан имтиёзли фойдаланиш, матбаа ходимларининг мунтазам тажриба алмашиши учун шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама этилди.

Мазкур йирик кўргазмада фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш тартиб-таомиллари бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Шу ўринда «Frankfurter Buchmesse»да фахрий меҳмон мақомини олиш осон иш эмаслигини таъкидлаб ўтишни истардик. Бунинг учун муайян чиғириқлардан ўтиш лозим. Чунки фахрий меҳмон 150 га яқин мамлакат ноширларининг диққат марказида бўлади. Янги китоб тақдимотлари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, Нобел мукофоти совриндорлари билан илмий ва ижодий учрашувлар фахрий меҳмон павилионида ташкил этилади. Умуман, фахрий меҳмон мақомида иштирок этаётган мамлакатнинг тарихи, адабиёти, маданияти кенг тарғиб этилади.

Шунингдек, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси раҳбари Эркин Абдураҳмонов Теҳрон ноширлари ва китоб сотувчилари ассоциацияси раҳбари Маҳмуд Амузгар билан ўтказган учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, мунтазам тажриба алмашишни йўлга қўйиш, китоб маҳсулотларини экспорт қилиш масалалари муҳокама этилди.

Тадбирда иштирок этган «Янги аср авлоди» нашриёт-матбаа маркази «Bibkom» (Россия) компанияси билан мамлакатимизда нашр этилган турли китобларни Россия ва европадаги кутубхоналарга етказиш бўйича келишувга эришди.

«Beijing international book fair» менежери Ни Ҳонгри юртимиз ноширларини 2019 йил 21-25 август кунлари Пекин шаҳрида ўтказиладиган халқаро китоб кўргазмага таклиф этди.

Кўргазма давом этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг