Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Географ Бобур Мирзо ва унинг илмий мероси

Географ Бобур Мирзо ва унинг илмий мероси

Бобур Шарқ халқлари тарихида фақатгина шоҳ, саркарда, Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласининг асосчиси сифатида эмас, балки буюк олим, шоир, тарихчи, сайёҳ, географ, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намоёндаси сифатида ўчмас из қолдирган. Бобурнинг саргузаштларга бой ҳаёти ўзининг илмий меъроси «Бобурнома» асарида келтирилган.

Ушбу асар XV аср охири XVI аср бошларидаги Ўрта Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон табиати, халқлари тарихи, ҳар бир тасвирланаётган ҳудуднинг географик ўрни, иқлими, ўсимликлари, қазилма бойликлари, ҳайвонот дунёси ва умуман Бобурнинг Фарғона водийсида ўтган ёшлик йилларидан то Ҳиндистонда подшолик қилган йилларигача бўлган воқеа-ҳодисаларни ўз ичига олган тарихий-мемуар асардир.

Асардаги маълумотлар бевосита Бобурнинг кузатишлари асосида ёзилган оригинал асар бўлиб, муаллиф асарни ёзишда биронта ҳаттот ёлламаган.

«Бобурнома» дунёнинг турли тилларига таржима қилинган бўлиб, турли даврларда асар устида тадқиқот ишлари олиб борилган ва илмий ишлар олиб борилмоқда.

Асарни тадқиқ этишда АҚШ, Россия, Германия, Нидерландия, Буюк Британия, Франция, Туркия, Покистон, Афғонистон, Италия, Ҳиндистон каби малакатлар олимларининг ишлари диққатга сазовордир. Нидерландияда Витсен (1705), Буюк Британияда У.Эрскин ва Ж.Лейден (1826), Р.Колдекот (1844), А.Бевериж (1905), Талбот (1909)лар, Германияда Ю.Клапрат (1810), А.Кейзер (1828), Францияда Паве де Куртейл (1871), Б.Грамон (1980, 1985), Россияда Н.Ильминский (1857), Афғонистонда Абулхай Хабибий,  Покистонда Рашид Ахтор Нодвий, Ҳиндистонда Мирза Насриддин Ҳайдар (1924), Туркияда Р.Аррат ҳамда Н.Баюр (1943-1946) ва бошқа олимлар «Бобурнома»ни илмий тадқиқ этишга улкан ҳисса қўшдилар. 1980-1985 йилларда дунёнинг энг нуфузли ташкилотларидан бири – UNESCO ташаббуси билан «Бобурнома» француз тилида босиб чиқарилди.

«Бобурнома»ни илмий тадқиқ этишда ўзбекистонлик олимларнинг хизматлари каттадир. Н.Ильминский (Қозон, 1857) ва А.Беверидж (Лондон, 1905) лар томонидан нашр этилган асар нусхаларига асосланиб, 1948 – 1949 йилларда «Бобурнома»нинг икки қисмдан иборат тўлиқ матни ўзбек тилида босилиб чиқди [4].  П.Шамсиев ва С.Мирзаевлар нашрга тайёрлаган ушбу асар нусхаси янги ўзбек алифбосида географик номлар ва киши исмлари кўрсаткичи, луғат ва баъзи бир қисқа изоҳ ҳамда таржималар билан нашр этилди. Бу асар нусхаси 1960 йилга келиб, В.Зоҳидовнинг сўзбошиси билан қайта нашр қилинди. Тошкентда «Бобурнома»нинг биринчи русча нашри 1958 йилда нашр этилди.

М.Салье таржимасига асосланиб, 1982 йили С.Азимжонова сўзбошиси ва М.Ҳайруллаев таҳрири остида «Бобурнома» рус тилида қайта нашр этилди. Тилшунос олим П.Шамсиев ўзбек тилида нашр этилган юқоридаги асар нусхаларига асосланиб, уларда йўл қўйилган баъзи камчиликлар, таржима ва изоҳларга қўшимча қилиб, асарни 1989 йили қайта нашр этди. Умуман, тилшунос олим П.Шамсиевнинг «Бобурнома» устида олиб борган ишлари таҳсинга лойиқдир.

Бобуршунос, тарихчи олима С.Азимжонованинг хизматларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Шарқшунослардан А.Носиров Бобур асарларининг тўла рўйхати ва Бобур ҳақида турли тилларда эълон қилинган материалларни тўплаган.

Тилшунос олим Х.Назарова Бобур асарларида учрайдиган ва тушунилиши қийин бўлган сўзларнинг изоҳли луғатини тузди.

Бобурнинг географик мероси ҳассос олим, атоқли географ Ҳамидулла Ҳасанов томонидан атрофлича ўрганилган. Ҳ.Ҳ.Ҳасанов Бобурнинг ҳаёти ва унинг меъросини чуқурроқ ўрганиш мақсадида Бобур изидан – Андижондан Ҳиндистонга сафар уюштирган. Бобурнинг пойи қадами теккан бир неча шаҳарларда бўлган, бобокалонимиз томонидан қурдирилган зиёратгоҳларни ҳамда Бобурнинг Кобулдаги қабрини бориб зиёрат қилган. Сафардан ажойиб маълумотлар билан қайтган олим, кейинчалик Бобур ва унинг географик мероси ҳақида рисола ёзган. Рисолада Бобур меросининг географик жиҳатлари талқин қилинган ва «Бобурнома»да тилга олинган йирик жойлар харитаси ишланган. Айрим жой номлари ва терминларини изоҳлаб берган. Бинобарин, муаллиф «Бобурнома»нинг географик қонуниятларини тўла очиб берган.

«Бобурнома»дан Кобул (Афғонистон) вилоятининг геоморфологик, иқлимий ва геоботаник районлаштиришга оид мисолларни учратиш мумкин. Ҳ.Ҳ.Ҳасанов буни Бобур географиясининг энг юқори чўққиларидан бири, деб ҳисоблайди [8, 33-б.].

Ҳ.Ҳ.Ҳасанов ушбу асарда Бобурнинг ҳаёти, унинг ҳаёти ва ижодининг турли олимлар томонидан ўрганлиши, Бобурнинг сайёҳ ва табиатшунос, асардаги география қонуниятлари, иқлимшунослик ва гидрологияга оид маълумотлар, набобат ва ҳайвонот дунёси ҳақида маълумотлар, топонимика ва терминологияга оид маълумотлари таҳлил қилинган ҳамда Беруний ва Бобур шахслари таққосланган, шунингдек, “Бобурнома” да тилга олинган йирик жойлар харитаси ишланган.

Бобурнинг буюк меросини ўрганиш шунинг учун ҳам зарурки, “Бобурнома” ўзбек тилида ёзилган дастлабки табиий ва тарихий географик илмий асарларнинг энг йиригидир. Ҳ.Ҳасанов таъбири билан айтганда “Бобур Фарғона ва Самарқанд, Афғонистон ва Ҳиндистон географиясини ўзбек тилида биринчи бўлиб тасвирлаган олим, десак хато бўлмас”[8, 60-б.].

Ундаги кенг қамровли маълумотлар шу даражада қимматлики, мана беш асрдан буён тарихчилар, географлар, тилшунослар, шарқшунослар, этнографлар, адабиётшунослар ва ботаникларни ўзига жалб қилиб келмоқда.

Бобурнома асари – нафақат тарихий, сиёсий, маданий, бадиий асар, балки кенг қамровли географик маълумотлар ҳақида муфассал маълумот берадиган ноёб ёдгорликдир. Асарда Ўрта Осиё ва Жанубий Осиё ўлкаларининг табиий географик шароити ва объектлари яъни рельефи, иқлими, сувлари, тупроғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси географик жиҳатдан ғоятда қизиқарли тасвирланган.

Бобурномада келтирилган маълумотлар шундан далолат берадики, Захириддин Муҳаммад Бобур асосий вақтини тоғу-даштларда жанг қилиб, ов ва саёҳатлар уюштириб табиат билан ҳамоҳанг ўтказган. Бу унда географик билим ва тасаввурларнинг нақадар кенгайишига, қонуниятларни тез англашига сабабчи бўлган. Шунингдек, табиатнинг сир асрорларини яхши билиши жангларда ғолиб бўлишига ҳам қўл келган. У ўзи юрган йўллар, ўзи бўлган шаҳар ва қишлоқларни, ўзи кўрган ва кечирган ҳодисаларни ўта зийраклик билан, устамона, ҳамма учун тушунарли тарзда аниқ тасвирлаган.

Бобурномани ҳозирги ўзбек тилига таржима қилишда “бош-қош” бўлган В.Зоҳидовнинг ёзишича, Бобурнинг фикрий доираси ниҳоятда кенг, унинг эрудицияси жуда чуқур, хотираси эса, «Бобурнома»да кўзга ташланишича, ғоятда тенгсиз, ҳақиқатан ҳам кишини ҳайратда қолдирадиган даражада бўлган. Уни коинотдаги, табиатдаги барча нарсалар қизиқтирган. Ҳеч қандай муболағасиз айтиш мумкинки, Бобур мамлакатни, ўлкани, тоғ, дарё, географик жойлашувини, рельеф, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини, мазкур ўлканинг у ёки бу қисмини  тасвирлашда бизнинг кўз олдимизда ўз даврининг буюук географи сифатида гавдаланади.

Бобурни географик билимларни ёритишда қиёсий географик тадқиқот усулларини биринчи қўллаган олим сифатида ҳам биламиз. У ўзи кўрган ҳудудларни бошқа яхши билган ҳудудлар билан таққослаган, солиштирган. Масалан, Қобул шаҳарини тасвирлаганда Самарқанд билан қуйидагича таққослайди: “Қобул ҳавосидек ҳаволи ер оламда борлиги маълум эмас. Ёзларда кечалари пўстинсиз ётиб бўлмайди. Қишда, гарчи қор аксар катта тушса-да, лекин Самарқандчалик қаттиқ совуғи йўқдир. Самарқанд ва Табриз хушҳаволикда машҳурдир, лекин у шаҳарларда қаттиқ совуқ бўлади”, “Самарқанднинг қори Қобулча бўлмаса ҳам, қиши қаттиқ совуқдир. Қобулча бўлмаса ҳам, ёзларда яхши ҳавоси бор”, Косон ҳавоси яхши.... Хушҳаволикда Ўш билан Косоннинг ўхшашлиги бор”, “Иссиқ иқлим ва совуқ иқлим орасидаги чегара ҳудуд – Бодомчашма довонидир. Бу довоннинг Қобул тарафида қор ёғади. Қуруқсой ва Ламғонот тарафида қор ёғмайди. Бу довондан тушгач, киши ўзга бир оламга дуч келгандек бўлади: дарахтлар ўзгача, ўтлар ўзгача, жониворлар ўзгача, элнинг урф одати ўзгача”. Бундай қиёсий тасвирлар Бобурномада жуда кўп учрайди. Бу ўқувчига ҳудуд табиий хусусиятларининг бир-биридан фарқини ёки ўхшашлигини билишга, шунингдек, табиат комплексларининг зонал ва регионал алмашиниш қонуниятларини англашга ёрдам беради.

Заҳириддин Мухаммад Бобур ўзи борган ҳудудларнинг, вилоятларнинг, шаҳарларнинг географик ўрни, жойлашуви, рельефи, геологияси, иқлими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, қишлоқ хўжалиги, экологияси ҳақида ҳам кўплаб тафсилотлар келтиради. Уларнинг баъзилари:

Ҳудудларнинг географик ўрни, жойлашуви ҳақида қуйидагича баён қилади: “Фарғона вилояти бешинчи иқлимдандир. Теварак атрофи тоғлар билан ўралган. Шарқи Кошғар, ғарби Самарқанд, жануби Бадахшоннинг чегараси – тоғлар,  шимолида илгарилар Олмолиқ, Олмоту ва янги сингари шаҳарлар бўлган экан, уни китобларда ўтрор деб ёзарлар...”, “Ер юзининг аҳоли яшайдиган қисмида Самарқандча латиф шаҳар камроқдир. Бешинчи иқлимдандир. Узунлиги 99 рамзи нужумий даража, 56 дақиқа, эни  40 даража ва дақиқадир. Унинг шарқи Фарғона ва Кошғар, ғарби Бухора ва Хоразм, шимоли Тошканд ва Шохрукия, Шош ва Банокат деб ёзадилар, жануби Балх ва Термиз. Кўҳак (Зарафшон дарёси) шимолидан оқади”, “Кобул вилояти тўртинчи иқлимдадир. Шарқи Ламғонот, Паршовар, Ҳашнағар ва баъзи Ҳинд вилоятларидир. Ғарби тоғли масканлардир, Карнуд ва Ғўр ўша тоғлардадир. Шимоли Ҳиндукуш тоғига туташган. Қундуз ва андароб вилоятларидир. Жануби Фармул, Нағар, Банну ва Авғонистондир. Қобулга Кошғар, Фарғона, Туркистон, Самарқанд, Бухора, Балх, Ҳисор ва Бадахшондан карвонлар келади. Савдогорлар Хитойга ва Римга борсалар ҳам шунчалик савдо қила олади”. Ушбу тафсилотлардан ҳам кўриниб турибдики, Бобур Осиё, Европа ҳудудларининг географик қиёфасини тўлиқ англаган, улар ҳақида маълумотга эга бўлган. 

Бобур ёш бўлишига қарамай, ўлкамизнинг орографик қиёфасини тасаввур қила олган. Олим 15-16 ёшарлигида Фарғона, Самарқанд ва Тошкент оралиғини бир неча марта кезиб чиққан. 19 ёшга тўлган йили Ҳисор тарафидан тоққа кўтарилиб, Фондарё ва Искандаркўл орқали Зарафшон водийсига ўтиб, Самарқандга келган. Баъзи вақтларда аскарлари билан йўлни қисқартириш мақсадида тоғни айланиб ўтмасдан, уни ошиб ўтиб янги ошувларни, довонларни ҳам кашф қилган. Унинг хаётида, жангларида тоғлар, довонлар, ялангликлар муҳим ўрин тутган. Айрим вақтлари баланд тоғлардан ўтиш қийин бўлганлиги учун ойлаб ўша жойларда қолиб кетган.  Бобур ўз саёҳатлари чоғида тоғлар, баландликлар, довонлар, водийлар, жарлар ва уларнинг ўлчамлари, хусусиятлари ҳақида ҳам атрофлича тўхталиб ўтади. Уларнинг баъзиларини қуйидагича баён этади: “Қобул вилояти  шимоли Ҳиндикуш тоғига туташган. Шарқдан ғарбга қараб ястанган. Атроф тевараги батамом тоғдир. Қаласи тоғга туташган. Бу тоғ Деварин тордарадан бошланади. Бу тоғнинг этаклари батамом боғлардир”, “...Шарқи Ламғонот вилоятидир. Уч-тўрт ерда кичикроқ-кичикроқ довонлари, икки-уч жойда тор даралари бор” .

Заҳириддин Мухаммад Бобур ҳудуднинг геологияси ҳақида, ўзи кўзи билан кўрган, эшитган фойдали қазилмалар, маданлари ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтади: “Ўшнинг жануби-шарқида бир кўркам тоғ бор, Барокўҳ (Сулаймон тоғи) деб номланади. Умаршайх мирзо салтанатининг сўнги пайтлари ушбу тоғдан қизил ва оқ товланадиган тош топилди: пичоқ дастаси, такбанд ва баъзи нарсалар тайёрлайди, анча яхши тошдир.”,  “Фарғона вилояти тоғларида феруза ва темир конлари бўлади” .

Бобур ўзи саёҳат қилган ҳудудлардаги иқлим ва об-ҳаво шароити, жумладан, фасллари, ҳарорат, ёғингарчилик, намлик, шамоллари ҳақида маълумот беради.

Масалан, Бобур ҳозир Aфғонистоннинг пойтахти бўлган Кобул иқлимини ёзи иссиқ, қиши мўл-кўл бўлган “ажойиб об-ҳаво” деб таърифлайди. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги об-ҳаво ҳақида ёзади ва шаҳарда қишда “қаттиқ совуқ”, ёзда “ҳаддан ташқари иссиқлик” бўлганини таъкидлайди.

Худди шундай, Бобур Ҳиндистон яриморолидаги об-ҳаво шароитларини, жумладан Панжоб, Деҳли ва Aгра каби ҳудудларни тасвирлайди. Унинг қайд етишича, бу ҳудудларда ёз иссиқ ва қиши совуқ эмас, муссон фасли кучли ёғингарчилик ва баъзи ҳудудларда сув тошқини келтириб чиқаришини айтади.

Умуман олганда, Бобурномада тилга олинган манзилгоҳларнинг иқлими ва об-ҳаво шароити акс эттиради ва ҳудудларнинг экологик шароити ҳақида маълумот беради. Уларнинг баъзиларини қуйидагича байон этади: “Ёз чоғларида Қобулда шимолий ел эсиб туради. Гармсер сардсер жойлар Қобулга яқиндир. Қобулдан бир кунда сира қор ёғмайдиган жойга борса бўлади. Яна нужумий икки соатда шундай ерга борса бўладики, у ерда ҳеч қачон қор камаймайди. Аҳён-аҳёнда шундай ёз келадики, қор қолмайди”, “Иссиқ иқлим билан совуқ иқлим орасидаги чегара ҳудуд – Бодомчашма довонидир. Бу довоннинг Қобул атрофида қор ёғади. Қуруқсой ва Ламғонот тарафида қор ёғмайди”, “Кўҳи Сафид тоғидан тўққиз сой чиқади. Тоғда қор ҳаргиз камаймайди. Шу боис бўлса керак, Кўҳи Сафид – Оқ тоғ дейдилар. Қуйи ўтлоққа ҳеч қор тушмайди. Оралиқ масофа ярим кунлик йўлдир. Бу тоғ тагида яхши ҳаволи ерлар бор. Сувлари совуқ, музга ҳеч эҳтиёжи бўлмайди”, “Сурхруд сойи томони қирқ-эллик қари тик тоғдир. Қачон Қобулда қор ёғса, бу тоғ чўққисига қор тушади. Ламғон эли Қобулда қор ёғганини шундан биладилар” .

Бобур ўз истилолари чоғида дуч келган дарё, сой ва кўллари ҳақида ҳам ёзади. У нафақат Ўрта Осиё дарёларини, балки Покистондаги Ҳинд дарёси, Aфғонистондаги Кобул дарёси ва Ҳиндистонга бостириб кириши чоғида ўтган Ҳимолой тоғларидан бошланадиган дарё ва сойларни ҳам тасвирлайди. У ҳарбий юришлар пайтида дарёларни кесиб ўтишдаги қийинчиликлар ва улар унинг стратегиясига қандай таъсир қилгани ҳақида ёзади. У дарё, сой  ва кўллар ҳақида қуйидагича сўз юритади: “Кўҳак (Зарафшон) дарёси Самарқанд шимолидан оқади, бу сув билан Самарқанд орасида бир тепалик бор, уни кўҳак (кичик тоғ) дейдилар. Бу дарё кўҳакнинг тубидан оққанлиги учун Кўҳак суви дейдилар. Бу дарёдан бир катта анҳор чиқарганлар, балки кичик дарёчадай бордир, уни дарғам суви дейдилар. Самарқанднинг жанубидан оқади. Самарқанддан бир шаръийча келади. Самарқанднинг боғлари ва маҳалалари, яна неча туманлари бу сув билан обод. Бухора ва Қоракўлгача ўттиз-қирқ  йиғоч масофага яқин жойлар Кўҳак суви билан обод ва экинзордир. Шундай катта дарё экин ва иморат ишларидан асло ортмайди, шунинг учун ёзда уч-тўрт ой Бухорага сув бориб етмайди”, “Сайхун Туркистондан анча қуйироқда бу дарё бутунлай қумга сингиб кетади, биронта дарёга қўшилмайди”, “Шоҳи Қобул тоғининг шарқида бир катта кўл бор. Айланаси бир шаръийга яқинлашади. Шоҳи Қобулдан Қобулга томон  уч кичикроқ чашма оқиб чиқади”.

Захириддин Мухаммад Бобур ўзи юрган, кўрган жойларнинг дарахтларини, ўт-ўсимликларини ҳам яхши билади ва уларнинг дориворлик хусусиятини, шунингдек, чорва моллари яъни от ва қорамолларга қанчалик тўйимли озуқа эканлиги ҳақида ҳам баён этади: “Фарғона вилоятининг атроф-теварагидаги тоғларда яхши яйловлар бор. Тобулғу (Жинғилсимон пўстлоғи қизил бута) шу тоғларда бўлади, бошқа ҳеч ерда бўлмайди. Тобулғу шундай бир бутасимон дарахтдирки, пўсти қизил, ундан ҳасса, қамчи дастаси, қушларга қафас қиладилар; йўниб камон ўқи ясайдилар, анча яхши дарахтдир. Табаррук билиб йироқ юртларга олиб борадилар. Баъзи китобларда “ябруҳ ус-санам” (меҳригиёҳ, женшен) шу тоғлардадир. Бироқ бу муддатгача ҳеч кўрмадик”, “Бир гиёҳни Еттикент тоғларида бўлади дейишади, номи “айиқўти” эмиш; меҳригиёҳ ҳосиятли, афтидан ўша меҳригиёҳдир,  эл бу ном билан айтадур”, “Бодомчашма довонидан тушгач, киши ўзга бир оламга дуч келгандек бўлади: дарахтлар ўзгача, ўтлар ўзгача, жониворлар ўзгача”, “Нижнов тоғларида ножу, чилғўза, балут ва ханжак дарахтлари кўп учрайди. Нижровдан юқорида асло бўлмайди. Булар Ҳиндистон дарахтларидир. Бу тоғликлар элининг чироқлари фақат чилғўза ёғочидандир, шамдек ёнади, жуда ғаройиб”, “Борон дарёси оралиғида икки парча текис дашт бор. Бирини Куррайи Тозиён (араблар хўтиги), яна бирини Дашти Шайх дейишади. Ёзлар чикин тола ўти кўп яхши бўлади. Бу тоғ этакларида ранг-баранг ҳар-хил навли лолалар ўсади. Бир маратоба санатдим: ўттиз икки-ўттиз уч нав бир-бирига ўхшамас лола чиқди”.

 Бобур ўзи билган ҳудудларнинг ҳайвонот дунёсини, жумладан овланадиган ҳайвонларини ҳам мароқ билан тасвирлайди: “Ахсининг овланадиган қушлари беҳад яхши бўлади. Сайхун дарёсининг Ахси тарафи даштдан иборат. Оқ кийиги кўп бўлади. Андижон тарафи тўқай; буғу, марал, қирғовул ва яввойи қуён кўп. Аксари жуда семиз бўлади”,Марғинонда ов қушлари яхши бўлиб, оқ кийик шаҳарга яқин жойда топилади”,  “Андижон вилоятининг даштда яшовчи аҳолисидан бир туркуми Чакрак элидир. Улар Фарғона ва Кошғар орасидаги тоғларда истеъқомат қиладилар. Отлари кўп ва қўйлари беҳисобдир. У тоғларда  қорамол ўрнига қўтос сақлайди. Қўтослари ҳам кўп бўлади”, “Бухорада семиз товуғи ва ғози кўп”, “Работак тумани яхши ов қилинадиган ерлардир. Иламиш дарёсининг яқинидаги қалин тўқайларда буғу, марал ва тўнғиз кўп бўлади. Паст-паст чангалларида қирғовул ва яввойи қуён кўп бўлади. Тепаликларида, рангдор, товланиб турадиган чиройли тулки кўп бўлади. Тулкиси ўзга ер тулкиларига қараганда югурик бўлади”, “Бағри қорасимон қуш бўладики, уни қилқуйруқ дейдилар. Қарши вилоятида сон-саноқсиз бўлгани учун уни бу ерларда Мурғаки Қарши (Қарши қушчаси) дейдилар”, “Юқори Сар дараларида маймун бўлади, бундан қуйи Ҳиндистон сари ҳам маймун бор, бундан юқорида бўлмайди. Бу эл бурун чўчқа сақлар эди, бизнинг даврда бартарф қилинди”, “Нижров тоғларида учар тулки бўлади. Учар тулки бир жониворки, мушукдан каттароқ, икки қўли ва икки бутининг орасида кўршапалак қанотидек пардаси бор. Доим менга келтиришар эди. Дарахтдан дарахтга пастга томон бир комон ўқи отимига учади, дейишади. Мен ўзим учганини кўрмадим. Дарахтга қўйдик, чаққон тирмашиб чиқди, уни қувладилар, қанотини ёйиб учгандек этиб, беозор ерга тушди. Бу тоғларда лўча қуши ҳам учрайди. Бу қушни буқаламун дейдилар. Бошидан қуйруғигача беш-олти хил ранги бор. Бўйни кабутарнинг бўйнидек, катталиги тоғ каклигидек келади, афтидан Ҳиндистон тоғ каклигидир. Яна бир сичқон Нижровда бўлар экан. Уни “мушкин сичқон” дейдилар. Ундан мушк ҳиди келармиш. Уни мен ҳалигача кўрмадим”.

Бобур ҳар бир ўлканинг мевалари, савзавотлари ҳақида ҳам қуйидагича баён этади: “Ахсида қовуни яхши бўлади. Бир нав қовунини “миртемурий” дейдилар, бундай қовуннинг бошқа жойда ҳам борлиги маълум эмас. Бухора қовуни машҳурдир. Самарқандни олган пайтимда Ахсидан, Бухорадан қовун келтириб, бир ўтиришда сўйдирдим. Ахси қовунининг ҳеч мисли йўқ эди. “Самарқанднинг узуми ва қовуни, олмаси ва анори, хуллас, барча меваси яхши бўлади. Айниқса икки мева Самарқанда машҳурдир: Самарқанд олмаси ва Самарқанднинг соҳиби узуми”, “Бухорада ҳар нав қовун кўп ва яхши бўлади. Яна Бухора қаролиси машҳурдир. Бухора қаролисидек қароли ҳеч ерда бўлмас: пўстини арчиб, қуритиб, табаррук қилиб вилоятдан вилоятга элтадилар”, “Иссиқ ва совуқ иқлимда етишадиган мевалар Қобул атрофида кўпдир. Қобул ва унинг кентларида совуқ иқлимга мансуб мевалардан узум, анор, ўрик, олма, беҳи, амруд, шафтоли, қароли, санжид, бодом ва ёнғоқ кўп бўлади. Мен қароли ниҳолини келтириб эктирганман, яхши қаролилар бўлди ва ҳануз гуркираётган эди. Иссиқ иқлим меваларидан, чунончи норунж (апелсин), турунж (лимон), амлук ва найшакарни (шакарқамишни) Ламғонотдан келтирадилар. Найшакарни мен келтириб эктирган эдим. Чил-ғўзани (кедр ёнғоғи) Нижровдан келтирадилар. Қобулда равочи яхши бўлади. Беҳи билан қаролиси ҳам яхшидир. Бодринги ҳам яхши. Бир нав узуми бор, оби ангур дейишади, жуда яхши узумдир. ... Экини яхши бўлмайди. Агар Хуросон уруғи бўлса, унчалик ёмон бўлмайди”.

Захириддин Мухаммад Бобур ўз кўрган, гувоҳи бўлган ва тажрибасидан ўтган воқеа-ҳодисаларни ҳам моҳирлик билан тасвирлайди:  “Отга хашак тақчил бўлди. Дарахтларнинг баргини отга берар эдилар. Ўшанда синалдики, барча япроқлардан тут барги ва қайроғоч япроғи отга яхшироқ емиш”. Бобур ер қимирлаш ва унинг даҳшатли оқибатларини шундай тасвирлайди: “Бу аснода андоқ зилзила бўлдики, қўрғоннинг фасллари ва боғларнинг томлари аксар йиқилиб, шаҳарларда ва кентларда кўп уйлар ҳамров бўлиб, уй ва том остиға қолиб, ўлган бисёр бўлди. Памғон кентининг уйлари тамом йиқилди”.

Жумладан, Бобурномада мингдан ортиқ географик номлар - мамлакат, шаҳар, қишлоқ, қалъа, дашт, тоғ, довон, дара, дарё, кўприк, кечув, кўл, чашма, боғ, яйлов, ўтлоқ ва бошқа жойларнинг номлари тилга олинади. Баъзи географик номларнинг маъноларини ҳам қуйидагича изоҳлайди: “Яна бири Кеш вилоятидир. Самарқанднинг жанубида 9 йиғоч йўлдир. Баҳорлар саҳроси, шаҳри, дала ва томи ям-яшил бўлгани учун Шаҳрисабз дейдилар”, “Яна Қарши вилоятидирки, Насаф ва Нахшаб ҳам дейдилар. Қарши мўғулча сўздир, қабристонни мўғул тилида қарши дейди. Афтидан, бу ном Чингизхон юришидан кейин қўйилган. Бу ерда сув кам, баҳори яхши бўлади”. Шунингдек, Бобурнома асари ҳудудларнинг, шаҳар ва қишлоқларнинг ўрта асрларда қандай аталганлиги, номланганлиги ҳақидаги тарихий топономик асар ҳам ҳисобланади. Бобур асарда “Ўратепадан Самарқанд устига Ёряйлоқ йўли билан жўнадим. Мен Бурка яйлови орқали Ёряйлоқнинг Қўрғонбегиси турадиган Сангзор қўрғонига келдим” деб баён қилади. Асарда кўрсатилган ўша вақтдаги Ёряйлоқ ҳудуди ҳозирда Сангзор ва Зомин водийси ҳудудларига, Бурка яйлови Бахмал адирларига тўғри келади. Бундан ташқари, Бобур бир қанча узоқ мамлакатларнинг (Арабистон, Ироқ, Эрон, Озарбойжон, Рум, Тибет, Хитой, Қошғар) номларини ҳам келтирганки, бу олимнинг ўша вақтлардаги дунё географиясидан ҳам яхши хабардор бўлганлигидан далолатдир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозим, Заҳириддин Мухаммад Бобур мамлакатни, ўлкани, ундаги шаҳарларнинг географик жойлашувини, иқлимини, рельефини, тоғ, дарё, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини батафсил билган. Бобурнинг фикрий доираси ниҳоятда кенг, хотираси эса ниҳоятда тенгсиз, ҳақиқатдан кишини ҳайратда қолдирадиган даражада бўлган. Ундаги кенг қамровли маълумотлар шу даражада қимматлики, мана беш асрдан буён тарихчилар, географлар, тилшунослар, шарқшунослар, этнографлар, адабиётшунослар ва ботаникларни ўзига жалб қилиб келмоқда.

Уни коинотдаги, табиатдаги барча нарсалар қизиқтирган. Шу боисдан, Бобурни муболағасиз машҳур сайёҳ, алпинист, географ олим деб аташимиз мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг