Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Голливуд актрисаси Жина Роулендс 94 ёшида вафот этди

Голливуд актрисаси Жина Роулендс 94 ёшида вафот этди

«Хотира кундалиги» филмидан кадр.

Таниқли актриса Жина Роулендс 94 ёшида Калифорниядаги уйида вафот этди. Бу ҳақда TMZ хабар берди.

Актриса узоқ йиллар Алцгеймер касаллигидан азият чекиб келгани ҳақида ўғли, кинорежиссёр Ник Кассаветис маълум қилди.

Роулендс 1930 йилда Висконсин штатида туғилган. Фаолиятини сериалларда бошлаб, кинода таниқли режиссёр (турмуш ўртоғи) Жон Кассаветис билан 20 йиллик ҳамкорлик ортидан шуҳрат қозонган. Эр-хотин 10 та филмни суратга олишган: «Қиёфалар», «Премьера», «Глория» ва бошқалар.

Актриса иштирокидаги бошқа машҳур филмлар — «Ердаги оқшом», «Барча эшикларнинг калити», «Умид учқунлари» кабилар.

Жина Роулендс ўғли Ник Кассаветиснинг «Хотира кундалиги» филмида бош рол — Алцгеймерга чалинган аёл образини яратган. Ўзининг айтишича, онаси ҳам шу хасталикка йўлиққани боис, бу ролни жонлантириш унга анча оғриқли кечган.

Жина Роулендс тўрт карра «Эмми» мукофоти, икки марта «Олтин глобус» мукофотига сазовор бўлган. Кино тараққиётига қўшган ҳиссаси учун фахрий «Оскар» билан тақдирланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг