Ҳинд киноси юлдузи Санжив Кумар қисмати

Санжив Кумар... Ҳинд киносининг бу ёрқин юлдузи «Қасос ва қонун» фильмидаги жасур полициячи Тҳакур Синх роли орқали машҳур бўлган. Унинг қаҳрамонлари нигоҳидаги самимият, маъюслик, душманига нисбатан эса қаҳрли қараш бир умрга томошабинлар хотирасида сақланиб қолган. Ўз ишига талабчан акиёр Санжир Кумар бениҳоя истеъдодли, кучли иқтидор эгаси эди. У икки карра Миллий киномукофоти («Кумуш Лотос») ва «Энг яхши эркак роли учун» Filmfare соҳиби бўлган.
Ҳақиқий исми Ҳарихар Жаривала бўлган Санжив Кумар 1938 йил 9 июлда Ҳиндистоннинг Гужарат штатида ўртаҳол оилада туғилган. У тўнғич фарзанд эди. Оилада яна икки ўғил ва бир қиз униб-ўсди.
Санжив болалигидан кинода роль ўйнашни орзу қилди. Бу ниятини амалга ошириш учун театрда чиқиш қила бошлади. Кейинчалик Filmalaya киностудияси қошидаги актёрлик мактабида таҳсил олди.
1960 йили у мазкур студия томонидан суратга олинган «Биз – ҳиндлар» фильмида кичик роль ижро этди. Ҳаммаси яхши эди, аммо 1962 йили Санжив Aarti фильми учун актёрлик кастингидан ўта олмади. Фақат орадан уч йил ўтиб, 1965 йили Nishan фильмида суратга тушди. Бу унинг кинодаги илк йирик роли эди.
Санжив Кумарнинг актёр сифатида танилиши 1970 йилдаги «Ўйинчоқ» фильми билан боғлиқ. Ушбу картинадан сўнг у бир қатор тижоратий фильмларда иштирок этди ва муваффақият қозонди. Жумладан, «Зита ва Гита» (1972), «Инжиқни жиловлаш» (1973), «Сиз учун қасам ичаман» (1974) кинокартиналари актёрни элга танитди.
Айни шу йилларда Санжив Кумар машҳур режиссёр Сампуран Сингх Гулзар билан ҳамкорликда иш бошлаган эди. Улар биргаликда 9 та фильм яратдилар. Мазкур киноасарлардан «Тенгсизликни енгиш» (1972), «Довул» (1975), «Ўтмишга саёҳат» (1975), «Узум» (1982) ва «Ижарачи» (1982) жамоатчилик эътиборини қозонди.
1972 йилда суратга олинган «Тенгсизликни енгиш» актёр иштирокидаги энг яхши фильм ҳисобланади. Санжир Кумар унда кар ва дудуқ қаҳрамон ролини ижро этиб, бир неча мукофот билан тақдирланди. Айниқса, Бенгалия журналистлари уюшмаси (BFJA Awards) томонидан «Энг яхши эркак роли учун» мукофотига сазовор бўлгани ўзига хос эътироф эди.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, актёрнинг энг ёрқин ва ёдда қолган ролларидан бири «Қасос ва қонун» (1975) фильмидаги Тхакур Балдев Сингх образидир. У ўз бурчига содиқ полиция инспектори ролини қойилмақом тарзда ижро этди. Томошабин бу сиймода икки қўли бўлмаса-да, яқинлари учун кучли қасос олган собитқадам қаҳрамонни кўрдилар.
Санжив Кумар ноанъанавий ролларга ҳам муносиблигини намоён этган. Бунинг ёрқин намунаси «Шахматчилар» (1977) фильмидаги Мирза Сажжад Али ролидир. Актёр унда Лакнау шаҳрида яшовчи ва шахматга муккасидан кетган одамни жонлантирган. Фильм машҳур режиссёр Сатьяжит Рей томонидан суратга олинган эди.
Санжив Кумар бутун умри давомида актриса Ҳема Малинига жавобсиз муҳаббатини бағишлади. Актёр Ҳемани ниҳоятда севарди. Аммо актриса уни эмас, балки ҳамкасби Дхармендрани танлади. Санживнинг Ҳемага муҳаббати актриса Сулакшана Пандитнинг унга бўлган ҳиссиётига жавоб беришдан тўсиб қўйган эди.
Санжив Кумар 1985 йил 6 ноябрь куни Бомбейда (ҳозирги Мумбай) 48 ёшида инфаркт туфайли вафот этган. Тақдир тақозоси билан у экранда кексалар ролини ўйнаган бўлса-да, ўзи эллик ёшга ҳам етмай ҳаётдан кўз юмди.
Акбар Фатҳуллаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter