Ибн Синонинг Италияда сақланаётган қўлёзмасидан аниқ нусха нашр қилинади ва фильм суратга олинади
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти, Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Улар орасида Ибн Синониниг Болонья кутубхонасида сақланаётган энг йирик қўлёзмасининг факсимиле нашри ва у ҳақидаги фильм ҳам киритилган.
«Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳасининг биносида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Ф. Абдухолиқов ҳамда Италия Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Андрео Бертоцци ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» туркумидан Италияда сақланаётган маданий меросимиз дурдоналари ҳақида китоб-альбом ва фильм яратиш ҳақида ҳам сўз борди.
— Биз ана шу йирик лойиҳани амалга ошириш учун ёрдам кўрсатишга тайёрмиз, — дейди Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси Андрео Бертоцци. — Таниқли шарқшунос олимлар билан алоқа ўрнатиш учун Италия музейларига мурожаат қиламиз. Хусусан, Неополь шарқшунослик университети (Università degli Studi di Napoli «L'Orientale») билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Римдаги Ла Сапиенца университети олимлари Самарқандда тадқиқот олиб боришмоқда. Ушбу олимлар билан ҳамкорлик келгусида Ўзбекистоннинг Италиядаги маданий мероси дурдоналарини тадқиқ этишда ҳам ўз самарасини беришига умид қиламиз
Жаноб элчининг таъкидлашича, ўрта асрларда Марко Полонинг саёҳатлари, Венеция ва Генуя савдогарларининг Буюк Ипак йўлидаги савдо карвонлари Ғарб ва Шарқ ўртасида кўприк вазифасини ўтаган.
Шу билан бирга, Италияда медиа-евентлар ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
— Жорий йилда лойиҳамиз доирасида буюк боболаримиз, хусусан, Абу Али ибн Сино мероси ҳақида ҳам янги фильмлар суратга олиш, янги китоб-альбомлар чоп этиш кўзда тутилган, — деди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Ф.Абдухолиқов. — Жумладан, Британиянинг Clan Production студияси билан ВВС телекали учун Ибн Сино ҳақида фильм суратга олиш режалаштирилган. Шунингдек, улуғ алломанинг жаҳондаги қатор кутубхоналарда сақланаётган қўлёзмалари ҳақида фотоальбом ва фильм яратишни ҳам кўзда тутганмиз. Бу лойиҳалар Париждаги «Авиценна-Франция» жамияти ва Eriell Group компанияси кўмагида амалга оширилади. Болонья университетида сақланаётган мазкур қўлёзманинг факсимилеси доимий ҳамкорларимиздан бири Австриянинг Mueller&Schindler нашриётида тайёрланади.
Ибн Синонинг машҳур «Тиб қонунлари» асари XV асрда лотин тилига таржима қилинган ва ўша пайтдаёқ Инжилдан сўнг Европада энг кўп босилган китобга айланган. Мазкур қўлёзма эса асарнинг иврит тилидаги нашри бўлиб, у алломанинг энг қимматли қўлёзмаларидан бири саналади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter