Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Имом Бухорий ҳақида илк бадиий фильм суратга олинади. Сценарий муаллифи — Хайрулла Ҳамидов!

Имом Бухорий ҳақида илк бадиий фильм суратга олинади. Сценарий муаллифи — Хайрулла Ҳамидов!

Муҳаддислар султони, Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба саналмиш «Саҳиҳи Бухорий» номли ҳадислар тўплами муаллифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳақидаги  бадиий фильмни тасвирга олиш ишлари бошланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га ўз манбалари хабар берди.

Фильмнинг ишчи номи: «Дунё имоми». Уни нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон мамлакатларда намойиш этиш мўлжалланмоқда. Шу боис фильмни жаҳон талаблари даражасида суратга олиш учун ижодий гуруҳга хорижлик режиссёр ва оператор, тегишли мутахассисларни жалб қилиш, ўша даврга мос тарихий либослар ва бошқа реквизитлар тўпламини тайёрлаш, фильм воқеаларининг катта қисмини араб давлатларидан бирида бир неча ой давомида тавирга тушириш, махсус қуриладиган павильонларда минглаб оммавий саҳна иштирокчиларини тўплаш режалаштирилган.

Фильм сценарийси муаллифи — таниқли публицист Хайрулла Ҳамидов. Айни пайтда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти  олимлари сценарийни бойитиш, ишончли манбалар топиш устида изланишлар олиб боришмоқда. Шунингдек, бу жараёнга бир неча ёзувчилар, исломшунос ва бухорийшунос олимлар жалб этилган.

Фильм «Sunrise Entertainment» киностудияси томонидан тасвирга олиниши режалаштирилган. Ижодий гуруҳ таркибида тажрибали мутахассислар — Мурод Каримов (кинорежиссёр), Нозим Жумаев (кинорежиссёр), Алишер Аҳмедов (кинооператор), Анвар Намозов (публицист, ёзувчи), Камолиддин Маҳкамов (маслаҳатчи), Ҳошимжон Омонов (маслаҳатчи), Қобулжон Аҳмедов (координатор)лар бор.

Манбаларимизнинг маълум қилишича, бадиий фильмни суратга олиш учун катта миқдорда маблағ талаб этилади. Ҳозирча кинокартинанинг молиявий манбаси аниқ эмас. Аммо ижодкорлар бу масала тез орада ижобий ечим топишига умид қилмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 29 декабрь куни миллий кино санъати ва киноиндустрияни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилишда ўзбек киночилигидаги муаммолар ҳақида тўхталиб, жумладан, қуйидаги фикрларни билдирган эди:

«Менинг энг катта ички қийновларим, «Бобур» киносини кўришни ўзим ният қилардим. Улуғбек, Беруний, қилсак бўладими?! Миллатимизнинг орзуси бўлса керак бу кинолар. Нега ал-Бухорий тўғрисида кино йўқ? Ат-Термизий бобомиз?! Термизийлар сулоласи, деганда қанчадан-қанча гаплар бор. Бу ҳам бир йўналишми йўқми?! Мотуридий ҳақида кино кўрсатиш, у ҳам бир йўналиш. Ислом цивилизация, деганда нимани кўрсатамиз биз?!

Элимизга тўғри исломни тараннум этиш — жуда катта тарбия. Масжидларда ҳам буни қўйса бўлади. Биринчидан онгимиз ўзгаради, иккинчидан ўзимизнинг устимизда ишлаш билан атрофимизга муҳит яратиб, бошқа иллатдан олиб, ижодга бағишлаймиз. Энг асосий масала – ўзлигимизни англашни жой-жойига қўймас эканмиз, кечаги биз айтган гапларни меъёрига етказа олмаймиз».

Шавкат Мирзиёев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг