Инсон дардига ҳамдардлигингиз бўлмаса...
Тинчлик ва дўстликни қарор топтириш, аввало шахснинг ўзи ва оиласидан бошланади. Сўнгра бу тушунча жамият ва халқаро миқёсга кўтарилади.
Тинчлик, дўстлик ва ярашув каби жумлалар инсоният тарихининг бошидан бери энг кўп қўлланиладиган сўзлар қаторига киради. Шунингдек, бу тушунчалар Қуръони Карим, Инжил, Таврот каби самовий китоблар ҳамда тасаввуфий, фалсафий, диний ва адабий асарларда таъкидланганидек, турли тасаввуф, адиб, донишманд, шоир ва алломалар тафаккуридан ўрин олган.
Хоссатан, маърифат аҳли тасаввуф адабиётида тинчлик, муроса ва дўстлик тушунчаларини тасвирлашга катта аҳамият бериб, ўз асарларида одамларни бот-бот тинчлик ва дўстликка чорлаганлар.
«Гулистон» Саъдий Шерозийнинг машҳур шеърий асари бўлиб, одамлар орасида тинчлик ва дўстлик муносабатларини ўрнатишга оид ўгитлар унинг асари II боби, «Шоҳлар таржимаи ҳоли»да учрайди. Саъдий, жумладан, қуйидаги тўртлигида барчани дўстликка чорлайди ва у ер юзидаги барча инсонлар ўртасидаги инсонпарварликнинг умумий тушунчасини тақдим этади:
Бани одам аъзойи якдигаранд ки дар офариниш зи як гавҳаранд
Чу ъузви бадард оварад рузгар дегар ъузвиҳоро намонад қарор
Ту каз менҳнат дегарон беғамий нашоядки номад неҳанд одамий
Таржимаси:
«Одам фарзандлари ибтидода бир гавҳардан бино бўлганлари туфайли яхлит бир вужуд кабидирлар. Бинобарин, қачонки унинг бир аъзосига жароҳат етказса, бошқа аъзолари ҳам ўз тинчини йўқотади. Инсон дардига ҳамдардлигингиз бўлмаса, инсон исмини сиз сақлай олмайсиз…»
Ҳар бир миллатнинг ўз маданий ва маърифий элчиси бўлганидек, Алишер Навоий ҳам туркий миллатлар ўртасида, шу жумладан биз – афғонлар минтақасидаги дўстлик ва маданиятнинг буюк элчиси бўлган. Бугунги кунларда Ўзбекистон минтақа давлатлари орасида тинчликни сақлаш ва дўстона алоқаларни ривожлантиришда сезиларли ютуқларга эришган. Чунки Ўзбекистон Республикаси 130 дан ортиқ турли миллатларни ягона байроқ ва герб остида бирлаштирган давлатлардан биридир.
Дўстлик ва дўст тутиниш инсонни ёлғизликдан чиқариб, ҳаётини шод ва қувноқ қилади. Шу боис ҳам аксарият кишиларнинг норози кайфияти сабаби ёлғизлик бўлади.
Ўтмишда инсоният жамоалари миллий тенденциялар, ирқий келиб чиқиш ва диний эътиқодлар таъсирида бир-биридан алоҳида яшаган. Турли ҳолларда иқтисодий манфаатлар билан бир қаторда бошқа турли хил омиллар халқ ва миллатларни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, улар ўртасида уруш ва низоларни келтириб чиқарди.
Узоқ вақт давомида турли мамлакатларнинг раҳбарлари тинч-тотув яшаш ва ўзаро тинчлик ўрнатиш ҳақида гапириб келмоқдалар. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ҳам ушбу тамойилни қўллаб-қувватлайди. Ислом дини ҳам тинчлик ва дўстлик билан уйғунлашган тинч-тотув яшаш тамойилини тавсия этибгина қолмай, турли элат ва миллатлар билан дўстлик ва меҳр-муҳаббатни вужудга келтиришга даъват этади:
«Эй инсонлар, Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ва бир-бирингиз билан танишишингиз ёки ўзаро тушунишингиз учун сизларни миллат ва қабилаларга айлантирдик».[19]
Агар халқлар бир-бири билан самимий саломлашса, бир-бирини очиқ юз билан қабул қилса ва ўзаро муносабатларида бирор муаммо туғилишига йўл қўймаса, ўша куни биз ҳеч қандай ташвишсиз, ёмонликларсиз, ёвузликларсиз ҳаётни бошлаймиз. Зеро, ер юзида тинчликнинг ягона калити барча халқлар дўстлигидир.
Фархунда Фрутан Амирий
ЎзМУ, Журналистика факультети талабаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter