«Она Ҳиндистон» нима учун «Оскар» мукофотини олмаган?

Бир неча кун олдин YouTube тармоғида «Она Ҳиндистон» номли ҳинд фильмини кўрдим. Авваллари ҳам жуда кўп марта томоша қилган эдим...
Юртдошларимиз «Она Ҳиндистон»ни севиб томоша қилишади. Севимли бўлиши сабаби унинг ҳинд киноси бўлгани, шўх қўшиқларга бойлиги учун эмас – фильмда қўшиқлар кам. Шунингдек, рангли тасвирда намойиш қилинганлиги учун ҳам эмас – ушбу киноасар аслида оқ-қора рангли бўлиб, ўн йиллар муқаддам рангли тасвирга ўтказилган. «Она Ҳиндистон» оддий қишлоқда тинимсиз меҳнат қилган она сиймосининг гавдалантиргани ва ҳақиқий ҳинд деҳқон аёли ҳаётини акс эттиргани учун ҳам севимли, деб ўйлайман.
Ушбу фильм 1957 йилда суратга олинган бўлиб, қишлоқдаги Радҳа исмли камбағал аёлнинг ёлғиз ҳолда эрсиз ва бировнинг ёрдамисиз икки норасида ўғлини оёққа турғазиш учун ночорлик билан кураш тарихи тасвирланган. Радҳа ўз ҳақини талаб қилиб, очкўз, маиший бузуқ, судхўр киши ҳамда даладаги ҳосили учун табиий офат билан курашади. У судхўрнинг тегажоқлигидан ўзининг аёллик ор-номусини сақлайди.
Фильмдаги бош ролни Ҳиндистоннинг машҳур актрисаси Наргис (ҳақиқий исми Фотима Абдул Рашид, 1929–1981) ижро этган. Бу ролгача у аллақачон жаҳон киносида ўз ўрнига эга бўлиб улгурган эди. Наргис, айниқса «Дайди», «Жаноб 420» билан машҳур эди...
1947 йилгача актриса бир нечта фильмда иштирок этганди. Шу йили у машҳур режиссёр, актёр Раж Капурнинг режиссёр сифатида биринчи фильми ҳисобланган «Алангали эҳтирос»да рол ўйнади. Ушбу киноасар жаҳон бўйлаб прокатда муваффақиятга эришгач, Раж Капур кейинги фильмларида Наргисни бош аёл ролига таклиф қила бошлади.
1948 йили Раж Капур ўзининг «R.K. Films» (Р.К. Филмз) киностудиясини очди ва илк режиссёр сифатида катта шараф олиб келган «Ёмғирлар мавсуми» фильмини суратга олди. Унда Раж Капур ва Наргис тушган бир лавҳа «Р.К. Филмз» киностудиясининг рамзий логотипига айланди. Бир қўлида скрипка, иккинчисида аёлни ушлаб турган рассом йигит акс этганди унда. Мусаввир, бу – Раж Капур, аёл – Наргис эди.
1947–1956 йилларда Наргис Раж Капур билан биргаликда 16 та фильмда суратга тушди. Улар энг яхши романтик жуфтлик бўлиб, бир-бирини тушуниши, жуфтликдаги оҳанграболик туфайли, экран ҳаёти қачон бошланиши ва тугашини томошабин билмай қоларди. Раж Капурга Наргис билан кинодан ташқари муносабатлари тўғрисида сўрашганида, бошқа ҳеч қандай алоқалар йўқлиги ва Наргис унинг яратган фильмларининг онаси бўлса, хотини Кришна болаларининг онаси эканлигини айтиб жавоб берган...
«Она Ҳиндистон»гача жаҳон кино мухлислари Наргиснинг Раж Капур фильмларида қатнашган ролларини энг яхши роллар деб келишганди. Унинг ўзи эса «Ёмғирлар мавсуми»даги Решма ролини энг севимли роли ҳисоблаган.
1956 йилда ҳинд киносида машҳур ҳисобланган Раж Капур-Наргис жуфтлиги интиҳо топди. Энди жаҳонга машҳур икки ҳинд кино юлдузи кинода бирга чиқмайдиган бўлишди. Жуфтлик «Ҳаммадан пинҳона» (Chori Chori) фильмида охирги бор бирга ўйнади. Наргиснинг ҳадеб Раж Капур билан бирга чиқиши унинг шахсий ҳаётига тўсқинлик қилиши мумкин эди. Актриса буни ҳисобга олиб, унинг фильмларидан бутунлай кетишга қарор қилади. Ўзининг фикрича, уларнинг кинодаги «жуфтлиги» мухлисларни «зериктирган» эди. Энди у ижодий фаолиятини «бошқача йўсинда» ўзгартирмоқчи бўлганди.
Кино мухлисларини Наргис Раж Капурсиз қандай рол ижро этиши қизиқтирарди. «Она Ҳиндистон» суратга олинишидан олдин 26 ёшли Наргис ҳали турмуш қурмаган, она бўлмаган эди. Фильмда у келинчак, ёш хотин, болаларини ёлғиз тарбиялаган она, буви, ҳатто катта ўғлининг сочлари оқариб кетган ёшига қадар яшаган қария она ролларини мукаммал равишда ижро этган. Тўғри, рол яратишда пардознинг ҳам ўрни бор. Лекин Наргис юз мимикалари ҳаракати, равон тили билан ўзининг машҳур актриса эканлигини бутун жаҳонга танитди.
Фильм Ҳиндистонда «Ҳамма даврларнинг блокбастери» деган номга сазовор бўлди. Кинопрокатда пул йиғими бўйича уч йил мобайнида биринчи ўринда турди. Айниқса, ҳинд фильмлари орасида биринчи бор «Оскар» олиш учун хориждаги энг яхши фильм номинациясида кўрсатилиши ҳам жаҳонда тан олинганининг исботидир.
«Она Ҳиндистон» 2010 йили Empire журнали тузган «инглиз тилидан бўлмаган жаҳоннинг энг яхши 100 фильми» орасида 80-ўринни эгаллади. Ҳиндистон Миллий киномукофотини олди. Filmfare Awards бўйича энг яхши фильм, энг яхши режиссура (Меҳбуб Хон), энг яхши тасвирчилик иши (Фаредун А.Ирани), энг яхши овоз оператори иши (Р.Каушик), энг яхши аёл роли (Наргис) мукофотларини қўлга киритди. Фильм Карлова Варида ўтказилган халқаро кинофестивалда энг яхши аёл роли (Наргис) учун мукофотини ҳам қўлга киритди. Наргис «Болливуд»да ҳақиқий «қиролича» эканлигини тасдиқлади.
«Она Ҳиндистон» Яқин Шарқ давлатларида, собиқ иттифоқ, АҚШ, Европа, Лотин Америкаси давлатларида намойиш қилинди. Дарвоқе, у нима учун «Оскар» мукофотини қўлга киритмаган? «Она Ҳиндистон» фоҳиша аёл ҳаёти ҳақида суратга олинган Италиянинг «Кабирия кечалари»дан атиги бир овоз кам балл тўплаган...
Яна бир қизиқ маълумот шуки, фильмни суратга олишда бюджетдаги пул етмай қолган ва режиссёрга Наргис пул берган. Жами уч йилча вақт кетган. Фильмдаги ёнғин саҳнасида Радха ўғли Биржуни қидиради. Унда Наргис дублёрсиз, ўзи қатнашган. Шамол йўналиши ўзгариб, ёнғин ратдан чиқиб кетади. Наргис улкан аланга қаърида қолади. Агар уни Сунил Датт (Биржу ролини ижро этган) қутқармаганида, актриса ҳалок бўлиши мумкин эди. Халоскори бўлмиш Сунил Даттни Наргис севиб қолади. Фильм суратга олингач, Сунил Датт актрисанинг қўлини сўрайди. Наргис Сунил Даттга турмушга чиқади...
Абдурашид Қўзибоев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter