Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда «Болалар китоби» республика фестивали ва китоблар кўргазмаси ўтказилади

Ўзбекистонда «Болалар китоби» республика фестивали ва китоблар кўргазмаси ўтказилади

Шу йилнинг 25-26 сентябрь кунлари Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар Ахборот кутубхоналарида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган «Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги!» шиори остида «Болалар китоби» республика фестивали ва китоблар кўргазмаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Матбуот ва ахборот агентлиги расмий сайти хабар тарқатди. 

Фестиваль Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

«Болалар китоби» республика фестивалини ўтказишдан кўзланган мақсад – болалар ўртасида китоб мутолаасини тарғиб этиш ва китобхонлик маданиятини шакллантириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий савиясини юксалтириш ҳамда уларни мамлакатимизда фаолият юритаётган кутубхоналар ва болалар нашриётлари билан яқиндан таништириш.

Фестиваль доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойеси ва ўқиш залларида кутубхона фондидан жой олган болалар адабиёти намуналари кўргазмаси, мамлакатимизнинг етакчи нашриётлари томонидан нашр этилган болалар китоблари, жумладан, мумтоз адабиёт намуналари, энг сара бадиий, маънавий-маърифий, энциклопедик китоблар тақдимотлари бўлиб ўтади, чегирмали китоб савдоси ташкил этилади. Ёш китобхонларни болалар шоири Дилшод Ражаб ва Раим Фарҳади, болалар адабиёти нашриётларининг ноширлари билан ижодий учрашувлар кутмоқда.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг фондида сақланувчи нодир қўлёзмалар ва мумтоз адабиёт намояндалари асарлари билан жиҳозланган «Навоий» ўқиш залида Алишер Навоий ижоди асосида, ёш авлоднинг Навоий ижодини қай даражада билишини аниқлаш мақсадида, уларда мумтоз адабиётимиз намояндалари ижодига ифтиҳор туйғусини уйғотиш мақсадида адабий викторина бўлиб ўтади. Жажжи китобхоналар учун болалар асарлари бўйича тайёрланган қизиқарли топшириқ ва саргузаштларга бой квест-ўйинлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Фестивалнинг бадиий қисмида «Китобларни қутлаймиз!» мавзусида театрлаштирилган концерт дастури ўрин олган. «Болалар китоби» республика фестивали мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги Ахборот кутубхоналарида бўлиб ўтади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг