Ўзбекистонда япон тилини ўрганувчилар сони қанча? Япония элчиси саволга ойдинлик киритди

Япония элчиси Ёшинори Фужияма нотиқлик санъати танлови ғолиби билан.
Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма мамлакатимизда япон тилини ўрганувчилар сони йилдан йилга ошиб бораётганини қайд этди. Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўтказилган япон тили нотиқлик санъати бўйича анъанавий танловда сўзлаган дипломат бу борада педагог ва ўқитувчиларнинг хизмати катта эканини урғулади.
«Ўттиз йил аввал, Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан Шарқшунослик институтида япон тили ўқитила бошлаган эди. Бизга маълум бўлишича, айни пайтда Ўзбекистондаги 19 та ўқув муассасасида 3800 киши япон тилини ўрганмоқда. Сўнгги йилларда улар сони ошиб бораётгани, хусусан, талабаларнинг япон тилини билиш даражаси юксалаётгани Япония элчиси сифатида мени қувонтиради», – деди Ёшинори Фужияма.
Элчи ўттизинчи маротаба ўтказилаётган япон тили нотиқлик санъати танлови айнан икки мамлакат дипломатик муносабатларининг ўттиз йиллигига тўғри келгани рамзий маъно касб этишини таъкидлади.
Япония элчихонаси, Ўзбекистондаги япон тили ўқитувчилари жамияти ҳамда бошқа ҳамкорлар томонидан ўтказилган ижодий-интеллектуал беллашувда мамлакатимиздаги турли олий ўқув муассасаларида таҳсил олаётган 24 нафар талаба қатнашди. Шартга кўра, номзодлар япон тилида эркин мавзу бўйича 5 дақиқа сўзлади, кейин эса ҳакамларнинг саволларига жавоб берди. Ҳакамлар ҳайъати ёш билимдонларнинг сўз бойлиги, нотиқлик маҳорати, шунингдек, фикрларнинг оригиналлар ва мағзи тўқлигига эътибор қаратди.
Танлов якунида Жавоҳир Шаҳобов (Самарқанд давлат чет тиллар институти) биринчи, Ҳасан Маъмуржонов (Тошкентдаги Ўзбек–Япон маркази) иккинчи, Фируз Аслиев (Самарқанд давлат чет тиллар институти) учинчи ҳамда Бекзод Хўжаев (Тошкент давлат шарқшунослик университети) тўртинчи ўринни олди.
Ғолиб МДҲ мамлакатлари ўртасидаги япон тили нотиқлик санъати танловида қатнашади. Дастлабки тўрт ўринни эгаллаган билимдонлар эса жорий йил май ойида Қозоғистонда ўтказиладиган Марказий Осиё танловида иштирок этади.
Юртимизда япон тили нотиқлик санъати бўйича танлов ҳар йили ташкил этилади. Бундан кўзланган мақсад Ўзбекистонда япон тили таълимини янада ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги маданий алмашувни чуқурлаштиришдан иборатдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter