Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озодбек Назарбеков: Маданият ва санъатнинг ҳаётимиздаги ўрни янада ошади

Озодбек Назарбеков: Маданият ва санъатнинг ҳаётимиздаги ўрни янада ошади

Маданият ва санъат ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмидир. Гўдак дунёга келар экан, санъатнинг энг оддий ва олий намунаси — она алласи билан дунёни танийди, ҳаётни идрок этади. Қувончли кунларимизда ҳам, изтироб чекканимизда ҳам куй-қўшиқ бизга ҳамроҳ бўлади. Сирасини айтганда, санъатга ошно бўлган инсондан ёмонлик чиқмайди. Мақомлар, достону лапарлар, спектакллар, музей экспонатлари, цирк томошалари ҳар биримизни олижаноблик, меҳр-оқибат, дўстлик, аҳиллик, ватанпарварлик, мардлик ва жасорат руҳида тарбиялашга ҳизмат қилади. Шу боис ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай халқ ўз санъатини асрайди, ардоқлайди. Уни авлодларга бус-бутун етказишга ҳаракат қилади.

Президентимизнинг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу мақсад-муддаолар мужассам экани халқимизни ниҳоятда мамнун этди.

Тан олишимиз керак, соҳада узоқ йиллардан бери ўз ечимини кутиб ётган, халқ тили билан айтганда, оёғимизга кишан бўлиб турган муаммолар талайгина эди. Ундан халос бўлмасдан туриб, соҳа тараққиёти ҳақида ҳеч қандай сўз бўлиши мумкин эмасди. Ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши натижасида энди ана шу долзарб масалалар ўз ечимини топади, десак, муболаға эмас.

Маданият ва санъат шу даражада кенг қамровли соҳаки, у бир-бирини такрорламайдиган, бир-бирига ўхшамайдиган, мустақил ижодни талаб этадиган тизимларни ўзида бирлаштиради. Президентимиз Фармонида мана шу кенг кўламли соҳанинг ҳар бир ҳалқаси манфаати ҳисобга олиниб, муҳим чора-тадбирлар белгиландики, уларнинг ҳаётда тўла ўз ифодасини топиши маданият ва санъатнинг бир занжир ўлароқ мустаҳкам уйғунликда ривожланишига замин бўлади.

Энг катта янгиликлардан бири сифатида санъаткорларнинг интеллектуал ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги тизими жорий этилаётганини қайд қилиш жоиз. Яъни эндиликда Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ташкил этилмоқда ҳамда унга бир қатор ваколатлар бериляпти. Мазкур палата, биринчи навбатда, ижодкорлар томонидан яратилаётган асарларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади. Бу санъаткорни ўз иқтидорини намоён этишга, умрбоқий асарлар яратишга ундайди. Зеро, у мана шу яратаётган ижод намунаси чинакам санъат асари даражасига кўтарилса, унга бўлган талабдан бутун умр моддий рағбат топишини билади. Шунингдек, мазкур палата бугунги кунда баъзи тортишувларга, келишмовчиликларга сабаб бўлиб турадиган, соҳадаги кўчирмакашлик иллатига қарши курашади.

Халқимиз асл санъатни ҳамиша қадрлаган. Ушбу жиҳат Фармонда ҳам ўз ифодасини топди. Унга мувофиқ, давлат органлари ҳамда ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказиладиган концерт-томоша дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилмоқда. Бу нимаси билан аҳамиятли? Аҳамияти шундаки, бу халқимизнинг жонли ижродан баҳрамандлик даражасини оширибгина қолмай, санъаткорларнинг ўз устида кўпроқ ишлашларига, ихлосмандларга ҳақиқий ижод намуналарини туҳфа этишга ундайди. Бинобарин, шу вақтга қадар тайёр ашулага оғзини қимирлатиб, томоша қўяётган ҳам, қўшиғига меҳрини, қалби қўрини қўшиб, жонли куйлаётган ҳам бир хил ижара ҳақи тўлаб келарди. Аниқроқ айтганда, концерт бераётган санъаткорларнинг чинакам меҳнат қилаётганларига ҳам, уни бир оз айланиб ўтиб, қаддини уриб юрганларига ҳам бир хил муносабатда бўлинарди. Мазкур ҳужжат билан адолатнинг тикланиши — жонли ижро соҳибига муайян имтиёзлар кўзда тутилаётгани ижодкорларнинг ҳақиқий санъатга қарашини ҳам ўзгартиришига шубҳа йўқ.

Айниқса, бу соҳага энди қадам қўйган ёшларни халқ меҳрини қозонишда осон йўлдан бормасдан, кўпроқ меҳнат қилишга чорлайди. Шу билан бирга, 50 фоизлик чегирма концерт чипта нархларининг арзонлашувига ҳам хизмат қилади.

Фармон билан келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш, лицензиатларнинг давлат реестрини юритиш, уларнинг фаолияти ва эришган натижалари ҳақидаги ахборотларни киритиб бориш Концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали орқали амалга оширилади. Давлат органлари ва ташкилотларининг асосий вазифа ҳамда функцияларидан келиб чиқиб, уларнинг ташаббуслари билан ташкил этиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ҳар йили тасдиқланадиган календарь режа асосида ўтказилади. Бу санъаткорларнинг йил давомида қандай тадбирларда иштирок этишини аввалдан билишига, ўз иш режаларини шунга мувофиқ тузишларига имкон яратади.

Бугун халқимиз орасида ёш истеъдодлар кўплигини ҳаммамиз яхши биламиз. Баъзан уларнинг ижод намуналари турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг эътироф ҳамда олқишларга сабаб бўлади. Юқоридаги ҳужжатларда ана шундай ёш истеъдодларни излаб топиш, уларнинг таълим олиши ва иқтидорини намоён этишига шароит яратиш мақсадида қатор чора-тадбирлар белгиланмоқда. Жумладан, ана шу йўлда «Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ахборот-мультимедиа маркази» давлат муассасаси, бошқача айтганда, продюсерлик маркази ташкил этилмоқда. Шунингдек, эндиликда ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чоп этилиб, таълим муассасаларига тўлиқ етказиб берилади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон давлат консерваториясининг ўзбек мақом санъати факультети ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари негизида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилаётгани «Ёшларимиз миллий санъатимиздан узоқлашмоқда», деган хавотирлар билдирилаётган бугунги даврда халқимизнинг кўнглидаги иш бўлди. Бу аждодларимизнинг бебаҳо маданий меросини илмий асосда ўрганишга шароит яратибгина қолмай, ёш иқтидорларни тарбиялаш, миллий санъатимизни кенг тарғиб этишга имконият ҳозирлайди.

Шу ўринда кейинги йилларда юртимизда мақом ва бахшичилик санъатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Президентимиз ташаббуси билан Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани, Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг анъанавий тарзда ўтказилиши йўлга қўйилганига нафақат халқимиз, балки бутун дунё аҳли юксак баҳо берди. Зотан, бугун инсоният ўта мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Жаҳонда сиёсий курашларда ғоя ва мафкуралар, турли ахборотлар бош қурол сифатида фойдаланиляпти. Одамлар онгу дунёқарашини эгаллаб, халқларнинг узоқ йиллик маданиятини тубдан емиришга, шу орқали уларни маънавий қарамликка дучор этишга ҳаракат қилинмоқда.

Мустамлакачиликнинг бундай замонавий кўринишларидан ҳимояланишнинг бирдан-бир йўли халқимиз маданиятини юксалтиришдир. Давлатимиз раҳбарининг асрлар оша аждодлардан-авлодларга ўтиб келаётган ноёб санъат намуналарини янада чуқурроқ ўрганиш, кенг тарғиб этиш, айниқса, ёшлар қалбида уларга нисбатан ҳурмат ва садоқатни шакллантириш бўйича олиб бораётган ишларидан кўзланган мақсад ҳам шу. Мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий ўқув юртининг ташкил этилиши бу борадаги ишларга камарбаста бўлиши, шубҳасиз.

Маълумки, инсоннинг диди ва дунёқарашини шакллантиришда театрнинг ўрни беқиёс. Шу боис ҳужжатда театрлар фаолияти ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Очиғи, театр соҳаси ривожига шу вақтга қадар бугунгидек эътибор бўлган эмас. Ҳар бир театрнинг моддий-техника базаси замонавий андозаларга мослаштирилмоқда. Жамоаларнинг гастроллари, чет эл сафарларига зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Шунга қарамай, томошабинларни оммавий жалб қиладиган, санъатимиз тарихида юксак маданий воқеа бўладиган спектакллар яратилмаётганини ҳам афсус билан тан олишга мажбурмиз. Фармон билан хусусий театрларнинг ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, хусусан, Маданият вазирлиги томонидан харид қилинган, оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни хусусий театрларда ҳам саҳналаштириш ҳамда ижро этишга рухсат берилаётгани соҳада рақобатбардошликни оширишга, ижодкорларнинг ўз ишига масъулиятини янада кучайтиришга туртки бўлади. Шунингдек, маданият масканларини ўз репертуарларини ғоявий-бадиий жиҳатдан юксак, бугунги кун нафаси, одамларни ўйлантираётган, ҳаяжонга солаётган жиддий ижтимоий муаммолар ўз аксини топган спектакллар билан бойитишига ундаши тайин.

Мурғак қалбларда эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ҳамда ёмонлик ҳақидаги тасаввурлар қўғирчоқ театри саҳнасида жонланган қаҳрамонлар орқали шаклланади, десак, хато бўлмас. Шу боис қўғирчоқ театрлари мавжуд бўлмаган Навоий, Наманган, Сирдарё, Тошкент вилоятларида уларни ташкил этиш, ўз биноларига эга бўлмаган Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида қўғирчоқ театрлари биноларини қуриш ҳамда жиҳозлаш белгилангани ёш авлод камоли йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Бой тарихи, ўзбек миллий қўғирчоқ театри мактабининг шаклланиши ҳамда ривожидаги беқиёс ҳиссасини инобатга олиб, Республика қўғирчоқ театрига Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри номининг берилиши ҳам соҳа равнақида муҳим аҳамият касб этади.

Ҳужжатга мувофиқ, цирклар ва ҳайвонот боғлари фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришлар амалга оширилади. Масалан, 1990 йилдан буён таъмирланмаган, шароитлари бугунги замон талабларига жавоб бермайдиган «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси бино ва иншоотлари тўла реконструкция қилинади, муассаса учун қўшимча равишда ҳайвонларни сақлаш хоналари қуриш ҳамда замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишлари бажарилади.

Шунингдек, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида кўчма цирклар, дорбозлар гуруҳлари ҳамда ҳайвонот боғлари ташкил этилиши ва доимий фаолият юритиши белгиланмоқда.

Дорбозлик санъати қадимдан отамерос касб сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келган, элимизнинг тўй-тантаналарини безаган. Ҳозирги кунда ҳам оммавий сайил деганда кўз ўнгимизда дорбозлару полвонларнинг бир-биридан қизиқарли чиқишлари жонланади. Айтиш жоизки, бутун дунёда дорбозлар 7 метр баландликда томоша кўрсатса, шу йўналишдаги ўзбек санъаткорлари 12 метр юксакликда ўз ўйинларини намойиш этади. Афсуски, ушбу беназир майдон томошаси бугунги кунга келиб, йўқолиш арафасида эди. Фармон билан бу санъат тури ҳам эндиликда ўз қадрини тиклайди, дейиш мумкин. Белгиланганидек, давлат органлари ҳамда ташкилотлари тизимидаги маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари, сайилгоҳлар ҳамда бошқа очиқ ҳудудларда кўчма циркларнинг томоша тадбирлари ўтказишига ижара, солиқ тўловлари бўйича турли имтиёзлар берилмоқда.

Соҳани етук билимли кадрлар билан таъминлаш мақсадида Республика ихтисослаштирилган эстрада ва цирк мактаби Республика эстрада ва цирк коллежига айлантирилиб, унга ушбу таълим муассасаси асосчиси Карим Зарипов номи берилади. Коллеж учун Ўзбек давлат цирки ҳудудида янги бино қурилади, шу билан таълим ва амалиёт уйғунлигига эришилади.

Музейлар ва маданият бойликларини тадқиқ этиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳам ҳужжатнинг асосий йўналишларидан биридир. Мисол учун, 2025 йилгача бўлган муддатда ҳар бир туман ва шаҳарда ўлкашунослик музейларини ташкил этиш, уларнинг экспонатларини бойитиш, асраб-авайлаш ва ходимлари манфаатдорлигини ошириш, шунингдек, бу борадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

Давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси «Очиқ эшиклар куни» деб эълон қилиниб, фуқароларнинг ушбу масканларга бепул кириб кўришига имкон яратилаётгани ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Зеро, бу халқимизнинг шонли тарихимиз ва аждодларимизнинг бебаҳо меросига доир билимларини бойитиш, қалбларда миллий ғурурни юксалтиришга ҳисса қўшади.

Ҳозирги кунда мамлакатимиз бўйича 4748 та археология, 2250 та архитектура, 678 та монументал санъат ёдгорлиги, 532 та диққатга сазовор жойлар моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Уларни муҳофаза қилиш ғоят муҳим масала эканлигини инобатга олиб, ҳужжатда Маданий мерос департаменти фаолиятини мутлақо янги тамойиллар асосида ташкил этиш назарда тутилган. Мазкур департамент ваколатлари аниқ белгиланиб, фаолияти самарадорлигини ошириш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳал этилди. Ўз навбатида, маданий мерос объектларини асраш ишларида илмий тадқиқотларга таяниш зарурлиги инобатга олиниб, Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташкил этиладиган бўлди.

Ҳужжатга асосан, Маданият вазирлиги фаолияти ҳам янада такомиллаштирилмоқда. Унинг ташкилий тузилмаси белгиланиб, зиммасига аниқ вазифалар юкланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида Миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини 2025 йилга қадар амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Маданият ва санъат соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи давлат ҳамда нодавлат ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди.

Шунингдек, вазирлигимиз томонидан келгусида фаолиятимизга доир онлайн портални ишга тушириш, маданият муассаларининг кириш-чиқиш жойларига электрон турникетлар ўрнатиш, электрон чипталар жорий этиш ишлари олиб борилади. Бу соҳамизда шаффофликни ошириш, маданият муассасалари фаолиятидан аҳолининг қулай ва осон фойдаланишини таъминлашда асқатади.

15 апрель санасининг «Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни» деб эълон қилиниши эса соҳада фаолият юритаётган ҳар бир инсонга чексиз ғурур бағишлашига ишончимиз комил. Бинобарин, бу ҳам бизга кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиромнинг ҳаётдаги яна бир ифодасидир.

Хулоса ўрнида айтганда, маданият ва санъатнинг ҳаётимиздаги ўрни ҳамда таъсирини янада оширишга қаратилган ушбу ҳужжатлар янги Ўзбекистон тарихининг маданий пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг