Қашшоқ рассомнинг асари 117 миллион долларга сотилди
Буюк голланд рассоми Винсент Ван Гогнинг «Сарвлар билан ўралган мевали боғ» асари Ню-Йоркдаги Christie's аукционида 117 миллион долларга сотилди. Расм кимнинг қўлига ўтгани номаълум, экспертларнинг фикрича, у осиёлик бўлиши мумкин.
Асар Microsoft компанияси асосчиларидан бири, марҳум Пол Аллен (1953–2018)га қарашли эди. Мазкур кимошди савдоларида Алленнинг жамғармасида сақланган санъат асарлари жами 1,5 млрд долларга сотилди. Christie's маълум қилишича, ҳали ҳеч қачон санъат тарихида бунчалик йирик ва бой аукцион бўлмаган.
Ван Гогнинг ҳам ҳеч бир асари бу қадар қиммат сотилмаганди. Олдинги рекордни унинг «Доктор Гайше портрети»ни 82 млн долларга сотиб олган япон тадбиркори ўрнатганди.
Винсент Ван Гог (1853–1890) — постимпрессионизм йўналишида ижод қилган буюк мўйқалам усталаридан бири. Машҳур асарлари: «Кунгабоқарлар», «Ирислар», «Кафедаги тунги терраса».
Рассом қашшоқлик ва ғурбатда умр кечирган, асарлари ҳаётлик пайтида қадрланмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter