Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рассом Австралиядаги энг бой аёлнинг жаҳлини чиқарди

Рассом Австралиядаги энг бой аёлнинг жаҳлини чиқарди

Фото: CNN

Тубжой халқига мансуб рассом Винсент Наматжира томонидан чизилган портрети Австралиянинг энг бой аёли Жина Ринеҳартга ёқмади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Бой хоним рассомнинг «Австралия рангларда» деб номланган кўргазмасидан ўрин олган 21 та алоҳида ишдан иборат экспозициядан ўз портретини олиб ташлашни Австралия миллий галереяси (NGA)дан талаб қилди.

Кўргазма мамлакат пойтахти Канберрада март ойидан буён бўлиб ўтмоқда. Наматжира бошқа машҳурларни ҳам тасвирлаган: марҳума қиролича Елизавета II, америкалик марҳум электрогитарачи Жими Ҳендрикс, шу созни чалишда ундан қолишмайдиган австралиялик Ангус Янг, аборигенлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Винсент Лингиари, мамлакат собиқ бош вазири Скотт Моррисон ва бошқалар. Ўзининг ҳам портрети бор.

Фото: Винсент Наматжира

Рассом ватани ва шахсан ўзига таъсир кўрсатган одамлар, жумладан, бойларни расмларда ифодалаганини айтди.

«Мен дунёни қандай кўрсам, шундайлигича тасвирлайман. Одамларга асарларим албатта ёқиши шарт эмас, бироқ вақт топиб, кўргани келишса ва «Нега бу абориген бу қудратли одамларнинг расмини чизди? Бу билан нима демоқчи?», деган хаёлга боришларига умид қиламан. Расмлар кимгадир ёқмаслиги, айримларга эса кулгили туюлиши мумкин, лекин улар сиртдаги парда ортига мўралаб, жиддий томонни ҳам кўра олишларидан умидворман», — деди Наматжира.

Австралия тасвирий санъат миллий ассоциацияси (NAVA) рассомнинг ёнини олмоқда.

«Ринеҳарт рассомнинг асарига ўз фикрини билдириши мумкин, аммо галереяга босим ўтказишга, портретини ўзига ёқмаганлиги учун кўргазмадан олдиртириб ташлашга ҳуқуқи йўқ», — деди NAVA ижрочи директори Пенелопа Бентон.

Маълумот учун: Жина Ринеҳарт — отаси асос солган Hancock Prospecting хусусий тоғ-кончилик компаниясининг ижрочи раиси. Forbes Жина Ринеҳартнинг бойлигини 30,2 миллиард АҚШ долларига баҳолаган. Нашрнинг февралдаги хабарида айтилишича, бу аёл Австралиянинг энг бой 50 кишиси киритилган Forbes 2024 рейтингида мутлақ етакчи бўлиб турибди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг