Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санъаткорларга уй-жой учун субсидия тўланиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди 

Санъаткорларга уй-жой учун субсидия тўланиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди 

Маданият вазирлиги «Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун маданият ва санъат ходимларига субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасининг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинишига муносабат билдирди. 

Қайд қилинишича, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, ижодкорлар, шунингдек, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчи ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш «2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»да белгиланган. 

Шу билан бирга, президентнинг тегишли қарори билан, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида, бироқ уй-жой қийматининг 50 фоизидан юқори бўлмаган миқдорда субсидия берилиши белгилаб қўйилган. 

Вазирлик хабарига кўра, «халқаро миқёсдаги кўрик-танловлар ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаб, Ватан номини улуғлашга ҳамда маданият ва санъат соҳаси ривожига катта ҳисса қўшаётган маданият ва санъат соҳаси вакилларининг аксарияти узоқ йиллардан буён оилавий ётоқхоналарда яшамоқда». 

Таъкидланишича, «интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда иддао қилинаётганидек, маданият ва санъат соҳаси вакилларининг ҳаммаси ҳам бир хилда тўй-ҳашам, туғилган кун ва ёки бошқа тадбирларда хизмат кўрсатиш, қўшимча даромад топиш имкониятига эга эмас. Лекин шунга қарамай, улар ўз касбига меҳр қўйиб, фидойилик билан меҳнат қилмоқда». 

Маданият вазирлиги ушбу қарор лойиҳасига «маданият ва санъат соҳаси вакиллари шаъни ва қадр-қимматини камситиш ёки ёлғон, шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш каби ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаган ҳолда қонунчилик ҳужжатлари юзасидан асосланган таклиф ва мулоҳазалар билдиришни» сўраган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг