Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Нормуродов

Шоу-бизнесда «янги йўналиш» — бир деганда таниласан! Фақат...

Шоу-бизнесда «янги йўналиш» — бир деганда таниласан! Фақат...

Янги йўналиш — қўшиқ ёзмай, клип тасвирга олмай, янги ҳажвий номерлар яратмай, машаққатсиз, осонгина «порлаш» имкони. Бугун шоу-бизнес вакиллари орасида ўзгача «ижод» намойишлари урф бўлиб бормоқда.

Ёш, энди кўрина бошлаган артистлар тезроқ танилиш учун ижодга зўр берган бир пайтда, қачондир танилган ва энди эсдан чиқаётганлар ўзларини бир-бир эслатиб туриш учун атай жанжал чиқариб, шов-шув кўтаришдан тойишмаяпти. Албатта-да, шунча меҳнату харажат қилиб «емаган» ижоддан янгича «ижод» ўн баробар кўпроқ «просмотр» бўлиб турса. Тўйларга кўпроқ чақиришса, жарақ-жарақ пул келиб турса, яна нима керак?! Айтмоқчи бўлганим — сердаромад қора пиар челленжи.

Сўз (сўкиш) устаси Ҳалима бу борада устоз кўрганлардан. Мухлисларини кўп ҳам соғинтирмай янги-янги «ижодлардан» тортиқ қилиб турадиган, ушбу челленж аълочиларидан. Унинг қуюшқондан чиққан охирги чиқишларига ҳаттоки кўп дарси сингган устозининг ҳам юзи чидамади. Ҳолбуки, у «мусобақадоши» Аҳад Қаюм билан тандемда томоша қўйганда ҳам, бошқа сафарлар ҳам бирорта мутасадди ташкилот бирор жиддий муносабат билдирмади. Қачонлардир бироз муддатга лицензияси бекор қилингани эса унга чивин чаққанчалик таъсир кўрсатмаган эди. Яқинда бир шоу лойиҳасидаги қатнашчининг чиқишига «зона» қўшиғини куйлади деб эътироз билдирган танқидчилар Ҳалиманинг «зона» усулидаги сўкинишларига келганда жим туришгани қизиқ.

Жаҳонгир Отажонов йилда бир қўшиқ яратмаса-да, бачкана қилиқларию, антиқа кийимлари билан интернетни «портлатиб» турибди. Унинг баъзи қилиқларини кўриб, беихтиёр Дарвин таълимоти асослимикан, деган хаёлга борасан. Челленжга бир пайтлар дўст ҳақида таъсирли дуэт куйлашган Самандар ва Али Ниёзимбетовлар ҳам бош қўшганди. Роса айланган жанжалли видеосида бири-бирининг нозик жойига тепиб, кейин «бу пиар эди», деб чиқишганди.

Бу йўналишда жангчи Валижон Шамсиев ҳам фаол ва баъзан ўз «санъати»ини намойиш этиб туради. Ҳатто устоз санъаткор, Юлдуз Усмонова ҳам ўтган сафар саҳнадан туриб, залдаги мухлисларини роса тузлаган бўлса-да, яқинда ўзи «оғзи полвон» шогирдларини тартибга чақириб, баъзиларини ҳатто «оқ қиворганини» ҳам маълум қилди.

Лекин бу кам, санъат оламида фақатгина яшаб қолиш учун, шунақа санъати билан «ёриб ташайдиганлар» тартибга келмаса, «текинхўр юлдуз»лар кўпайиб кетиши аниқ. Ахир санъат — тинчлик тимсоли. Унинг азалий рамзига, айнан «тинчлик тимсоли» вакиллари томонидан путур етказилишига йўл қўймаслик керак!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг