Улуғбекнинг сирли сурати – Маданий мерос конгрессида бир қатор сенсацион янгиликлар аниқланди
Самарқандда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамиятининг VII халқаро конгресси бўлиб ўтди. Конгресс давомида юртимизнинг маданий меросига оид бир қатор муҳим топилмалар тақдим қилинди.
Маданий мерос конгрессининг энг сенсацион воқеликларидан бири бу «Ошиқлар йиғини» деб номланувчи миниатюранинг топилганлиги ҳақидаги ахборот бўлди. Ушбу портрет асарида устоз ва шогирд анъаналари, шунингдек машҳур Шайх Ориф Озодий ва ёш Мирзо Улуғбек тасвирланган. Портретнинг орқа томонида Улуғбек ҳақидаги матн ҳам битилган. Тахмин қилинишича, миниатюра ХVII асрдаги Бухоро мактабига мансуб.
Ўзбекистон тарихининг ХIХ-ХХ асрларга оид даври тарихий фотосуратларда ажойиб тарзда сақланиб қолган. Уларда шаҳар қиёфаси, тарихий обидалар ҳолати, тарихий шахслар, ҳукмдорлар, вазирларни кўриш мумкин. Суратларнинг аксар қисми хорижлик сайёҳлар томонидан олинган ва хориж музейлари фондларида сақланади. Кўргазмада маъум қилинишича, шундай фондлардан бири Австрия пойтахти Венадаги Weltmuseum музейи бўлиб, унда Ўзбекистон тарихига оид 1600 та фотосурат мавжуд. Улар орасида 1890 йилдан аввал суратга олинган Бухоро амири Сайид Абдулаҳаднинг сурати ҳам бор.
Конгрессда, шунингдек, Ҳиндистонда сақланаётган Акбаршоҳ буйруғи билан ёзилган ноёб китоб ҳақида ҳам хабар берилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти илмий ходими Дилором Кароматнинг айтишича, Худобахш Хон кутубхонаси Ҳиндистондаги энг бой кутубхоналардан бири бўлиб, у ерда Ўзбекистон тарихига оид ҳужжатлар, хусусан, Темурийлар тарихига оид араб ва турк тилларидаги қўлёзмалар сақланади. Бу қўлёзмалар орасида энг ноёби, қимматлиси эса «Тарихи хонадони Темурия» бўлиб, унда Амир Темур даврига оид 132 та миниатюра мавжуд.
Қолаверса, яна бир қимматли қўлёзма мавжудлиги маълум бўлди. Бу астрономияга оид «Зиж-и Рассад-и Самарқанд» қўлёзмаси бўлиб, ҳижрий 832, милодий 1428-29 йиларда номаълум нусха кўчирувчи томонидан ёзилган. Улуғбекнинг «Зиж-и Жадид-и Султоний» асаридан (милодий 1437 йилда ёзилган) олдин ёзилган ушбу қўлёзма Ҳиндистондаги «Рампур Разо» кутубхонаси фондида сақланади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг хотираларини акс эттирувчи «Бобурнома» ёки «Бобур китоби» асари қўлёзмаси ҳам эътиборга молик топилмалардан ҳисобланади. Қўлёзмада турли мавзуларни акс эттирувчи 145 та иллюстрация мавжуд. Шунингдек, ундаги 27 та расмда Бобурнинг шахсий ҳаёти, 42 та расмда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, 27 та расмда эса муҳим тарихий эпизодлар тасвирланган. Шу билан бирга, 25 та жанговар саҳна, 12 та уй ҳаёти, 7 та ов саҳнаси ва 3 зиёфат тасвири мавжуд. Қўлланмада қирқ тўққизта рассомнинг исмлари келтирилган. Ушбу қўлёзма айни дамда Кобулда сақланади.
Яна бир тарихий қўлёзма — «Тарих-и Хондан-и Темурия»да эса буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг бутун ҳаёти, болалиги, жанглари тасвирланган. Конгрессда маълум қилинишича, мазкур қўлёзма Ҳиндистонда, Патнадаги Худа Бахш Шарқ халқ кутубхонасида сақланади.
Ўзбек маданий меросига оид яна бир муҳим манба — Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» ёки «Ғалабалар китоби» қўлёзмасидир. У Ҳиндистонда биринчи марта Бенгал, Калкутта Осиё жамияти томонидан 1887 ва 1888 йилларда икки жилдда нашр этилган.
ХVII асрда Истанбулда топилган уйғур ёзувидаги «Миражнома» ва «Муҳаммад пайғамбарнинг улуғланиши» асарлари қўлёзмаларини ҳам қайд этиш жоиз. Конгресса таъкидланишича, мазкур қўлёзмалар ХIV асрда қирол Луи ҳукмронлиги даврида вазир Жан-Батист Колбер коллекцияси учун сотиб олинган. Ушбу ноёб қўлёзмалар мутахассислар томонидан ўзининг нақшларининг нафислиги, жуда ёрқин ранглари ва кучли эстетик таъсири билан ажралиб туради, деб баҳоланади. Ушбу икки дурдона асарнинг юқори сифатли факсимилияси «Mueller & Schindler" нашриёти томонидан чоп этилган.
Бундан ташқари, топилмалар орасида темурийлар даврига оид кумуш ва тилла билан қопланган иккита нафис буюм: ХV аср ўрталарига оид Ҳирот кўзаси ва Амир Темур томонидан 1396 йилда Аҳмад ибодатхонаси учун буюртма қилинган машҳур йирик мойли лампалар ёки шамдонлар ҳам бор. Булар орасида, айниқса, сўнгги темурийлар артефакти бўлмиш ХV асрга оид Ҳиротдан келтирилган нефрит косаси муҳим топилмалардан ҳисобланади.
Али Қушчининг математикага оид «Рисола-и Қушчия» қўлёзмаси ҳам қимматли манбалардан дея эътироф этилади. Разо кутубхонаси фондида сақланаётган ушбу қўлланма муаллифнинг энг яхши асарларидан бири ҳисобланади.
Самарқандда бўлиб ўтган Конгресс давомида Париждаги декоратив санъат музейи коллекциясида темурийларнинг энг гўзал миниатюраларидан бири бўлган Ҳумоюннинг боғдаги тасвирлари сақланаётганлиги ҳам маълум қилинди. Ушбу асар 1430 йилда Ҳиротда яратилган. Шунингдек, ушбу музейда маданиятимизга оид бир нечта нафис тўқимачилик буюмлари, иккита чопон, сўзана ҳамда Бухоро мактабига оид бир нечта миниатюраларни учратишимиз мумкин.
Бундан ташқари, Қоҳирадаги музейда Самарқандда зарб қилинган тангалар сақланаётганлиги ҳам маълум бўлди.
Париждаги «Quai Branly» музейида ўзбек тарихига оид буюмлар, хусусан, иккита чопон ва бир нечта заргарлик буюмлари ҳам мавжуд. Бундан ташқари, бу ерда Ўрта Осиё коллекциясининг кўплаб буюмларини ҳам учратиш мумкин. Музейга археолог Чарлз Евгений томонидан темурийлар даврининг баъзи буюмлари, отлар учун жиҳозлар, эгар ва узангилар, Габриел Бонвалот томонидан эса баъзи тўқимачилик буюмлари, мусиқа асбоблари тақдим этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter