Устюртдаги сирли чизгиларда ўзга сайёраликлар изи бор...ми?
Устюрт! Мозийнинг миллион йиллик сир-синоатларини ўз бағрида яширган бепоён кенгликлар! Мағрибдан машриққа, шимолдан жанубга қараб эсаётган тиним билмас шамоллар! Сайёрамизнинг энг ажабтовур, энг сирли гўшаларидан бири...
Улкан найзалар тасвири
Бу кўҳна маконнинг бир неча ўн йиллардан бери илм аҳлини ўйга толдириб келаётган жумбоқларидан бири унинг «найзасимон иншоотлари»дир. Гап шундаки, кимсасиз саҳро бағридаги ўйиқларни яқиндан кўриб, унда ҳеч қандай сирли белги топа олмассиз. Аммо учоқда ердан кўтарилганингиз сари поёнсиз кенгликлар, азалий қумликлар бағрида улкан найзаларнинг ўйма тасвири кўз олдингизда намён бўлади.
Бу тасвирлардаги аниқ қонуният, симметрияни кўриб, у ўз-ўзидан, табиат ҳодисалари таъсирида юзага келган деган фикрга келишингиз мушкул. Йўқ, бу шакллар кимларнингдир ақлий ва жисмоний меҳнат ва машаққатларини тақозо этади. Аммо шу тўхтамнинг ўзи сизга тинчлик берса қани? Биринчидан, ердан юзлаб метр баландликдагина яққол кўзга ташланадиган бу ўйиқларни ерда, тақир кенгликларда туриб ким бундай аниқликда ковлай олди? Энг қизиғи, узундан-узун бу ўйиқ тасвирлар қандай вазифани бажарган бўлиши мумкин? Олимлар томонидан турли тахминлар, фаразлар билдирилмоқда. Лекин ҳақиқат уларнинг қай бирида яширинганини аниқлаш мушкул.
Ким? Қачон? Қаерда?
Ўтган асрнинг 70 — 80-йилларида бу найзасимон объектлар дунё миқёсида кўплаб олимлар ва оммавий ахборот воситалари эътиборини жалб қилди. Баъзи журналистлар ва бошқа тадқиқотчилар бу иншоотларни ўзга сайёраликлар қурган деган тахминларни ҳам билдирган.
Мазкур иншоотларни оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Уларнинг ўртача узунлиги 600-900 метр, эни 400-600 метр, чуқурлиги 3 метргача боради. Боя айтганимиздек, учар мосламаларда ёхуд интернет тармоғидаги «Google Earth» дастури ёрдамида бу чизгиларни бемалол кўра оласиз.
Объектлар дастлаб 1952 йили таниқли олим Сергей Толстов раҳбарлигидаги Хоразм археологик экспедицияси томонидан аниқланган. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ҳудудида 120 дан ортиқ ана шундай сирли шаклларни кўриш мумкин. Ўтган йили Қорақалпоғистон ахборот агентлигининг ташаббуси билан ташкил қилинган медиатур доирасида «Google Earth» дастури ёрдамида шу пайтгача ўрганилмаган яна 3 та ана шундай объект аниқланган.
Археолог олим В.Ягодиннинг фикрича, найзасимон қурилмалар қарийб икки минг йил давомида (милоддан аввалги V-II асрлардан то XIV асргача) бўлган давр мобайнида қурилган ва фойдаланилган бўлиши мумкин.
Ов учунми, сув учунми?
Маълумки, бугун бу иншоотлар жойлашган Устюрт платосида умргузаронлик қилиш жуда қийин. Ёздаги жазирама, қум бўронлари, қурғоқчилик, хуллас, табиий шарт-шароитлар одамларнинг рисоладагидек ҳаёт кечиришига етарлича имкон бермайди.
Саҳрода ҳаёт кечириш учун албатта сув керак. Бундай шароитда ёғингарчилик обиҳаётнинг асосий манбаи ҳисобланади. Қорақалпоқ олими Хожаҳмад Эсберганов «найзасимон объектларни қадимда кўчманчи қабилалар сув тўплаш учун қурган бўлиши мумкин» деган фикрни билдиради. Тадқиқотчининг фикрича, ичар сув тақчил бўлган Устюрт ҳудудида ёмғир ва қор сувларини йиғиш учун кўчманчи қабилалар шундай қазилмаларни бунёд этишган.
Бундай иншоотлар овчилик мақсадида яратилган деган тахминлар ҳам кенг тарқалган. 1825—1826-йилларда Орол ва Каспий денгизлари оралиғидаги ерларга уюштирилган Ф.Берг бошчилигидаги рус илмий экспедицияси материалларида бу ҳудудда қулонлар, тарпанлар (ёввойи отлар) ва сайғоқлар кўплиги, улар 300-400 метр, чуқурлиги 3-4 фут келадиган махсус ўзанлардан тош билан қуршалган қўрага ҳайдаб киргизилиши ва қўлга олиниши тасвирланади. Бунда маҳаллий овчилар 10-15 километр радиус бўйлаб ўлжа излашган, сайғоқлардек овоз чиқариб, жониворларни эргаштириб келишган ва махсус йўлакларнинг бошида туташадиган қўраларга қамашган.
Бундай қўраларни қорақалпоқлар қадимда аран деб аташган. Араннинг атрофида бир нечта махсус чуқурлар бўлган. Чуқурлар четида учли қилиб кесилган қамишлар қотирилган. Қорақалпоқ уруғларидан бирининг номи аранчи ҳам айнан шу қурилмадан олинган. Машҳур қорақалпоқ шоири Бердақнинг «Шежире» асарида ҳам «Чўлларда кезар жайрани, жайранга қурган арани» мисралари бор. Шунингдек, қорақалпоқ достонларида «оғзини арандек очди», «оғзи арандек очилган» каби муболағалар ҳам учрайди. Аран сўзи Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит-турк» асарида ҳам оғил, қўра, отхона сингари маъноларда ишлатилган.
ХVΙΙΙ асрнинг машҳур тарихчиси Абулғози Баҳодирхон «Туркманлар шажараси» асарида туркманнинг қора-ўйли ва эрсари қабилалари овчилик ва деҳқончилик билан кун кечиргани, қамишдан махсус аранлар қуришгани ҳақида ёзади.
15 минг километр олисда...
Устюрт платосидаги бу сирли тасвирлар ер юзида ягона эмас. Улар Ўзбекистон ҳудудидан 15 минг километр нарида, Перунинг жанубий соҳилларида жойлашган Наска саҳросидан топилган ерсувратлар – геоглифларга ўхшаб кетади.
1994 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ушбу тасвирлар ҳам инсониятга ҳали-ҳануз ўз сирларини тўлалигича очгани йўқ. Бу сирли тасвирлар ҳақидаги дастлабки маълумотлар испан тарихчиси Сьеса де Леоннинг (1520-1554) қайдларида учрайди. 1939 йилда Перу устидан учиб ўтаётган америкалик археолог Пол Косок Наска платоси устидаги ғалати тасвирларни пайқаб қолади.
Наска суратларини ҳам худди Устюртдаги сингари ерда юрганда умуман пайқаш қийин. Уни камида қуш парвози баландлигидагина кўра олиш мумкин. Бу геоглифларнининг асосий қисмини қуш, маймун, ўргимчак, гул кўринишидаги ўнлаб суратлар, минглаб тўғричизиқлар, учбурчак, трапеция ва спирал кўринишидаги тасвирлар ташкил қилади.
Ушбу тасвирлар платонинг юза қисмига тахминан бир метр кенгликдаги, ўртача 25-30 сантиметр чуқурликдаги ўйиқлар ёрдамида чизилган, катталиги турлича. Масалан, колибри қушининг узунлиги 30 метрни ташкил қилса, калтакесак тасвири 188 метргача боради.
Олимлар ушбу тасвирлар милоддан аввалги II асрдан XII асргача бўлган даврда чизилган деган фикрларни илгари суришган. Мазкур тасвирлар ҳам нима мақсадда ва қай усулда ясалгани ҳақида бир-бирини инкор этадиган тахминлар мавжуд.
Айрим олимлар бу суратлар Насха платоси европалик мустамлакачилар кириб келишидан анча илгари инклар маданияти даврида, бошқа бировлар эса ҳатто ундан ҳам олдин пайдо бўлган деган фаразни билдиришган. Бошқа бир гуруҳ мутахассислар бу тасвирлар астрономик кузатувларда ишлатилгани ёхуд «илоҳий мавжудотлар билан мулоқот» учун хизмат қилганини айтишади.
Наска геоглифларини ўзга сайёраликлар чизиб кетган, улар самовий меҳмонларнинг «ликобчалари» учун учиш-қўниш йўлаклари вазифасини ўтаган каби тахминлар ҳам бор. Аммо «нур тезлигида парвоз қилиб, сайёралараро масофаларни бир пасда босиб ўта олади» дея ҳисобланган ўзга сайёраликлар учиш ва қўниш учун шу қадар оддий усуллардан фойдаланган бўлиши амримаҳол.
Фақат бугина эмас...
Бир қарашда дунёнинг икки минтақасида инсоният ақл-закоси туфайли пайдо бўлган бу йирик ҳажмли суратлар ўртасида боғлиқ жиҳатлар кўп. Аввало, ҳар икки минтақадан топилган тасвирларнинг нима мақсадда ишлангани тўла-тўкис аниқланмаган.
Ҳар иккала ҳудуд иқлими бир-бирига яқин. Уларнинг рельефи, ер сатҳи ҳам ўхшаш. Лекин фарқли томонлари ҳам кўп. Дейлик, Перудаги тасвирлар хилма-хил, уларнинг аксарияти аниқ маъно-мазмунга эга. Устюртдаги шакллардан аниқ маъно уқиш қийин. Наска саҳросидаги топилмалар сони Устюртдагига қараганда кўпроқ, бироқ ҳажман бир неча баравар кичик.
Бу каби суратлар фақат Перу ёки Ўзбекистонда эмас, дунёнинг бошқа ҳудудларида ҳам аниқланмоқда. Хусусан, ўтган асрнинг ўрталарида АҚШнинг Блайт шаҳри яқинидаги ялангликдан ҳам худди шу каби шакллар топилган эди.
2007 йилда эса НАСА мутахассислари Қозоғистон чўлларидан ҳар бири футбол майдонига тенг келадиган улкан геометрик тасвирларни суратга олишди. Олимлар уларнинг ёшини 8 минг йилдан ортиқроқ деб баҳолашмоқда.
Бир бор кўрган афзал!
Маълумотларга кўра, Наска саҳросидаги суратларни кўриш учун ҳар йили Перуга миллионлаб сайёҳлар келади. Мамлакат хазинаси 3 миллиард доллардан ортиқ фойда кўради.
Аслида ўзимизда ҳам сайёҳларни бемалол хушнуд этиши мумкин бўлган юзлаб тарихий обидалар, хушманзара жойлар, дунёнинг бошқа ҳудудларида учрамайдиган одат ва анъаналар мавжуд. Жумладан, Устюрт кенгликларидаги суратлар ҳам вақти келиб, дунёнинг турли ҳудудларидан минглаб сайёҳларни юртимизга жалб қилса ажабмас.
Зотан, Устюрт ҳудудида узоқ асрлар давомида саклар, массагетлар, сарматлар, қипчоқлар, ўғузлар сингари ўнлаб улус ва қабилалар яшаган. Бу ердан Чиндан Румга, Русдан Ҳиндга, Турондан Эронга қадар узанган қадим йўллар бўйлаб карвонлар қатнаган. Маданий-маърифий, савдо-иқтисодий алоқалар ривожланган.
Устюртда ҳозирги кунда ҳам Пулжай, Белеули, Алан, Давкескен каби қадимий ва ўрта асрларга тегишли карвонсаройлар, қалъа-қўрғонлар сақланиб қолган. Устюрт чинкларини ёқалаб юрган йўловчи ҳар қадамда тепаликка қўйилган кўчманчилар қабристонига дуч келади. Уларда марҳумларга қўйилган қулфитошлар, тошга битилган тамғалар бизгача етиб келган. Инсон қадами етиши бироз мушкул бўлгани боис бу обидаларнинг аксарияти ҳанузгача тўла тадқиқ қилинмаган.
Устюртнинг энг мафтункор гўшаларидан бўлган Дувона бурнига келган ҳар бир сайёҳ антиқа манзараси, рельефи, турли шакл ва рангдаги қоялари, чинк деворларини кўриб, ўзини баайни ўзга сайёрага тушиб қолгандек ҳис этади. Унинг бағридаги сирли чизгиларнинг маъно-мазмунини ўзи учун кашф этгандек бўлади.
Есимхан Канаатов,
Рустам Жабборов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter