Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

Умуммиллий бирдамлик фестивали мамлакатимиз бўйлаб қулоч ёзмоқда.

Айни кунларда Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамини муносиб нишонлаш, чекка туманлардаги маҳаллалар ва овулларда янги миллий руҳиятни янада кучайтириш ҳамда жамият бирдамлигини таъминлашга қаратилган маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ҳамда ижтимоий лойиҳаларни юқори савияда ўтказиш мақсадида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Умуммиллий бирдамлик фестивали” ўтказилмоқда.

Фестиваль Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллари уюшмаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

“Умуммиллий бирдамлик фестивали” дастлаб гўзал Фарғона водийси ва юртимизнинг жанубий сарҳадлари қадим Сурхон воҳаси заминида старт олди. Жумладан, 5-6 август кунлари Қўқон, Марғилон, Фарғона, Бувайда, Боғдод, Қува Риштон, Учкўприк, Данғара, шунингдек, Термиз, Жарқўрғон, Шеробод, Қумқўрғон, Ангор, Бойсун, Қизириқ, Бандихон туман ва шаҳарларида ташкил этилди.

Айтиш мумкинки, бу йилги фестиваль доирасида ўтказилаётган лойиҳаларнинг халқчиллиги ва мақсадлилиги ва ранг-баранглигига алоҳида аҳамият қаратилган. Жумладан, “Инсон қадри”, “Умуммиллий бирдамлик”,  “Дилдаги гаплар”, “Маслаҳат оши”, “Фаровон ҳаётга илк қадам”, “Бахтли болалик шарафига”,  “Шижоат” номли ижтимоий, ватанпарварлик лойиҳалари “Китоб марафони” акциялари, “Қасамёд” спектакли намойиши, “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида гала-концерт дастурлари шулар жумласидандир.

Мазкур лойиҳаларда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, профессор олимлар Нарзулла Жўраев, Абдухалил Маврулов, Феруза Муҳиддинова, Таниқли шоиралар Зулфия Мўминова, Сайёра Тўйчиева, Ўзбекистон халқ артистлари Гавҳар Зокирова, Замира Суюнова, Мансур Тошматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъаткорлар Гулбаҳор Эрқулова,  Ҳамид Тошпўлатов, Турғун Бекназаров, шунингдек, ёш санъаткорлардан  Адолат Исмоилова, Эркин Худойқулов, Рустам Мирминов, Фарруҳ Ботиров, Севара Тўланова ва бошқа маҳаллий санъаткорлар ўз чиқишлари билан фестивалга ўзгача файз бахш этишди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан республикамиз бўйлаб ўтказилаётган ушбу фестиваль халқимиз қалбидан жой олиб бормоқда десак ҳеч муболаға бўлмайди. Фестиваль сабабли илм-маърифат, адабиёт ва санъат аҳли, киноактёр, таниқли хонандалар юртимиз бўйлаб чекка туман, маҳаллаларгача бориб, одамлар билан юзма-юз суҳбатлашмоқда.  Улар билан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва жаҳонда юз бераётган воқеликларнинг асл мазмун моҳияти борасида дилдан суҳбатлар қилиб, гўзал шеър, куй-қўшиқлар билан юртдошларимиз орасида ўзаро меҳр ришталари боғланмоқда, юракларга эзгулик куртакларини қадамоқдалар.

Албатта, бундай учрашувлар кўнгилларда изсиз кетмайди. Зеро одамлар қалбида юксак инсоний фазилатлар илм-маърифат, меҳр-саховат, ҳамжиҳатлик, миллий бирдамлик,  бағрикенглик каби туйғуларнинг жўш уриши ва аҳолида ижтимоий фаолликни кучайтиришга хизмат қилади.

Бувайда, Боғдод, Қумқўрғон Бойсун, Қизириқ туманларида “Умуммиллий бирдамлик”, “Инсон қадри”, “Маслаҳат оши”, “Дилдаги гаплар” лойиҳалари ташкил этилди.

Фарғона шаҳридаги мусиқали драма театрида “Қасамёд” спектакли намойиши, Қўқон ва Термиз шаҳарларида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида гала-концерт дастурлари ўтказилди.

Қува, Жарқўрғон, туманларида жойлашган ҳарбий округ қўшинлар қўмондонлигида “Шижоат” ватанпарварлик лойиҳаси, болалар оромгоҳларида “Бахтли болалик шарафига”лойиҳалари шулар жумласидандир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг