Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқ таълими вазирлиги китобхонлик бўйича янги лойиҳа бошлади

Халқ таълими вазирлиги китобхонлик бўйича янги лойиҳа бошлади

Фото: «Халқ сўзи online»

Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчилар орасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида янги лойиҳа бошланди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Унга кўра, умумтаълим мактабларида «Тарғиботчи китобхон ўқувчи» номинацияси жорий этилиб, у тенгдошлари орасида китобхонликни тарғиб қилади. Мактабнинг «Тарғиботчи китобхон ўқувчи»си таълим муассасасининг 7-10-синф ўқувчилари орасидан очиқ овоз бериш йўли билан танлаб олинади ва у мактаб кутубхоначиси ва етакчиси билан биргаликда ўз фаолиятини олиб боради.

«Тарғиботчи китобхон ўқувчи» учун мактаб кутубхонасида алоҳида жой ажратиб берилади, у «Китобхонлар клуби»ни ташкил этади ва юритади. Қолаверса, ўқувчилар орасида китоб мутолаасига нисбатан меҳр уйғотиш ва уни рағбатлантириш мақсадида мактаб маъмурияти ёрдамида турли маърифий тадбирлар, учрашувлар, акция ва танловлар ўтказади.

Шунингдек, «Тарғиботчи китобхон ўқувчи» китобхонлик тарғиботига муносиб ҳисса қўшган ва ўрнак кўрсатган фаол китобхон ўқувчи ва ўқитувчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш учун таълим муассасаси раҳбариятига тавсия қилади, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича тавсиялар беради. Вазирлик томонидан тизимдаги барча таълим муассасалари раҳбарларига «Тарғиботчи китобхон ўқувчи»ларга яқиндан ёрдам кўрсатиш ва шахсий намуна кўрсатиш қатъий тавсия этилган.

Ўқув йили якунида республика миқёсида энг фаол китобхон тарғиботчилар аниқланиб, тақдирланади ҳамда тегишли ташкилотларга тақдирлаш учун тавсия қиланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг


    Изоҳлар мавжуд эмас