Ялангтўш Баҳодир ҳақида фильм суратга олинади
Кинематография агентлиги Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Ялангтўш Баҳодир ҳақида фильм суратга олади.
Бу ҳақда «Матонат» ҳужжатли фильмининг Самарқанддаги премьераси пайтида маълум қилинди. Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов «Ялангтўш Баҳодир» фильмини ҳамкорликда суратга олинишини билдирди. Янги лойиҳа устида режиссёр сифатида Жаҳонгир Аҳмедов ишлайди. Яна бир ҳамкорликдаги фильм «Самарқандда қовун ифори» фильми таниқли ва етук режиссер Али Хамраев томонидан суратга олинади.
Мазкур тадбирда Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқишиб, ўзаро ҳамкорликда қилинаётган ишларга тўхталишди. Ҳамкорликдаги янги лойиҳалар бўйича меморандум имзоланди.
Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов меморандум ҳақида сўзлади: «Биз Кинематография агентлиги билан «Матонат» фильмидан сўнг, бошқа янги лойиҳага Самарқанд ҳудудида ҳокимлик қилган Ялангтўш Баҳодир ҳақида бадиий фильм суратга олиш бўйича таклиф билан чиқдик. Мана бугун Агентлик билан ҳокимлик билан меморандум имзолаймиз. Ўйлайманки, ўзбек киноси борган сари ривожланяпти, бизнинг ўзаро ҳамкорлигимиз ҳам узоқ йиллар давом этади»
Шундан сўнг, кинорежиссёр Шуҳрат Маҳмудовнинг «Матонат» фильми ижодкорлари таништирилди. Мазкур ҳужжатли фильм ҳам Агентлик ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида суратга олинган. Унда иккинчи жаҳон уруши йилларида немис фашистларининг Голландиядаги концлагерида қахрамонларча ҳалок бўлган 101 ўзбек аскарлари ҳақида ҳикоя қилинади. Тадбир якунида «Матонат» ҳужжатли фильми премьера қилинди.
Кинематография агентлиги Ахборот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter