Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЮНEСКО Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди

ЮНEСКО Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди

Фото: «Uza.uz»

ЮНEСКО Ижроия Кенгашининг 211-сессиясида буюк олим Абу Райҳон Беруний (973-1048) таваллудининг 1050 йиллиги ЮНEСКО шафелигида 2022-2023 йилларда кенг нишонланиши бўйича қарор қабул қилинди, деб ёзади ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, мазкур юбилей санасини ЮНЕСКО раҳнамолигида нишонлаш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси томонидан ишлаб чиқилган ва Бош қароргоҳга тақдим этилган номзодлик ҳужжати Эрон Ислом Республикаси, Тожикистон ва Туркия каби давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган. Шунингдек, ушбу қарор жорий йил ноябрь ойида Парижда бўлиб ўтадиган ЮНEСКО Бош анжуманининг 41-сессиясида тасдиқланиши кутилмоқда.

Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний ўрта аср қомусий билимлар донишманди, астрономия, математика, фалсафа, жўғрофия, этнография, антропология, геология, тарих, ботаника, фармакология фанларининг олими ва инсонпарвар шахс бўлган.

Беруний 973 йилнинг 4 сентябрида Хоразмнинг қадимий пойтахти Кат шаҳри (ҳозирги Қорақалпоғистондаги Беруний шаҳри) яқинида таваллуд топган. Олим математика ва астрономия каби фанларнинг ривожланишига, шу жумладан, сайёралар жойлашувини ҳисоблаб чиқишни осонлаштириш учун астрономик параметрларнинг назарий ҳосиласи ва жадвал функцияларни ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшган.

Беруний 150 га яқин асарни яратиб, ўз давридаги аниқ, табиий ва ижтимоий фанларнинг деярли барча соҳаларига тааллуқли катта илмий мерос қолдирди. Беруний асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган ва шу кунгача ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолган.

Вашингтондаги Жонс Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институтининг раиси Фредерик Старр олим фаолиятининг аҳамиятини юқори баҳолади – «Берунийнинг мероси ўз миқёси ва кўп жиҳатдан аниқ фанларнинг ривожланишини олдиндан кўра олгани билан ҳақиқий қизиқиш ва ҳайратга сабаб бўлади. Унинг асарлари табиатшунослик соҳасидаги кейинги кашфиётлар учун кучли туртки ва асос бўлиб хизмат қилди. Мисол учун, астрономия ва тригонометриянинг мустақил тадқиқот соҳалари сифатида яратилиши айнан Беруний билан бўлиқ. Ўз даврининг энг етук муҳандиси бўлган олим, ўзи яратган формулалар ёрдамида ер ва ойнинг диаметрини XVII асргача яшаган бошқа олимларга нисбатан аниқроқ ўлчашга имкон берувчи асбобларни ўзи ясаган. Баъзи тадқиқотчилар, Беруний, шунингдек, Шимолий ва Жанубий Американинг одамлар яшайдиган қитъалар мавжудлиги ҳақидаги фаразни илгари сурганини таъкидлайди.

Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда Беруний таваллудига бағишланган қатор тадбирлар ўтказилади. Бундан ташқари, Беруний юбилей санаси Эрон, Тожикистон ва Туркия давлатларида ҳам кенг нишонланиши ҳамда ҳамкорликда тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг