Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2022 йилда Ўзбекистоннинг импорт харажатлари экспортдан икки баробар ошган – МБ

2022 йилда Ўзбекистоннинг импорт харажатлари экспортдан икки баробар ошган – МБ

Жами товарлар ва хизматлар экспорти (олтинсиз) ўтган йилга нисбатан 23 фоизга ёки 2,8 млрд. долларга ошиб, 2022 йилда 15,1 млрд. долларга етди. Бу ҳақда Марказий банкнинг томонидан тайёрланган 2022 йил учун тўлов баланси жорий операциялари ҳисобининг дастлабки кўрсаткичларида қайд этилди.

Хусусан, товарлар экспорти (олтинсиз) ўтган йилга нисбатан 18 фоизга ёки 1,8 млрд. долларга ошиб, 11,8 млрд. долларни (2021 йилда 10 млрд. доллар) ташкил этди.

Товарлар экспортининг асосий қисмини:

  • тўқимачилик ва тўқимачилик буюмлари – 3,3 млрд. доллар (2021 йилда 3,2 млрд. доллар);
  • қимматбаҳо бўлмаган металлар ва улардан буюмлар – 1,7 млрд. доллар (2021 йилда 1,6 млрд. доллар);
  • минерал маҳсулотлар – 1,3 млрд. доллар (2021 йилда 962 млн. доллар);
  • келиб чиқиши ўсимликка мансуб маҳсулотлар – 1,3 млрд. доллар (2021 йилда 1,2 млрд. доллар) товар гуруҳлари ташкил этди.

Хизматлар экспорти ўтган йилга нисбатан 46 фоизга ёки 1 млрд. долларга ошиб, 3,3 млрд. долларни (2021 йилда 2,3 млрд. доллар) ташкил этди.

Хизматлар экспорти таркибида асосий ўсиш транспорт ва сафарлар билан боғлиқ хизматлар компонентига тўғри келиб, 2,6 млрд. долларга етди.

Товарлар ва хизматлар импорти эса  ўтган йилга нисбатан 26 фоизга ёки 7,2 млрд. долларга ошиб, 2022 йилда 35 млрд. долларга етди.

Жумладан, товарлар импорти 28,6 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 24 фоиз ёки 5,5 млрд. долларга кўпайди.

Товарлар импортининг асосий қисми:

  • машиналар, ускуналар, механизмлар – 7,9 млрд. доллар (2021 йилда 6,2 млрд. доллар); 
  • қимматбаҳо бўлмаган металлар ва улардан буюмлар – 3,7 млрд. доллар (2021 йилда 3,2 млрд. доллар); 
  • транспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари – 3,6 млрд. доллар (2021 йилда 2,8 млрд. доллар); 
  • кимё саноати маҳсулотлари – 3,3 млрд. доллар (2021 йилда 2,9 млрд. доллар) товар гуруҳларига тўғри келди.

Хизматлар импорти ўтган йилга нисбатан 34 фоиз ёки 1,6 млрд. долларга ошиб, 6,3 млрд. долларни (2021 йилда 4,7 млрд. доллар) ташкил этди. Бунда, хизматлар импорти таркибида 2021 йилга нисбатан транспорт хизматлари 440 млн. долларга ошган бўлса, сафарлар билан боғлиқ хизматларда эса 1 млрд. долларга ўсиш кузатилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг