«Uzbekistan Airways» 2025 йилдан Канадага доимий авиақатновларни йўлга қўйиши мумкин
Ўзбекистон ва Канада фуқаро авиацияси соҳасида қатор келишувларга эришди, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
Таъкидланишича, «ICAN – 2023» тадбири доирасида икки давлат авиация маъмуриятлари ҳар икки томон авиакомпаниялари учун биринчи ва иккинчи даражадаги “ҳаво эркинлиги”ни тақдим этишга келишиб олган.
Учрашувда Икки давлат ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш ҳуқуқини берувчи учинчи ва тўртинчи «ҳаво эркинлиги»ни ўз ичига олган авиақатновлар тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда имзолаш жараёнини бошлаш бўйича келишув имзоланган.
«2025 йилдан бошлаб, Ўзбекистоннинг резидент авиакомпанияларидан «Uzbekistan Airways» АЖ Канадага мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштирган. Канада билан эришилган келишув «Uzbekistan Airways» АЖнинг Канадага парвозларни амалга ошириши замин яратади.
Қолаверса, мамлакатимиз туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда хорижий сайёҳларни юртимизга жалб қилиш бўйича Америка қитъасининг яна бир мамлакатини Ўзбекистон билан боғлаш учун хизмат қилади», дейилади расмий хабарда.
Аввалроқ Тошкентдан Мюнхенга мунтазам рейс қўйилганди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг яна беш ҳудудидан Истанбулга авиақатновлар режалаштирилаётгани айтилганди.
Жорий йилда «Uzbekistan Airways» уч йиллик танаффусдан сўнг Урумчига рейсларни қайта тиклаганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter