9 ойда бюджетнинг 704,9 млрд. сўми ноқонуний ёки бемақсад ишлатилган – Молия вазири
Бугун, 22 ноябр куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил тўққиз ойи якунлари ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида вазирлик ва идоралар фаолиятини ташкил этишга давлат бюджетидан ажратилган маблағларни тўғри сарфлаш бўйича олиб борилаётган ишлар қониқарли эмас.
Жумладан, ҳисоботни ўқиб эшиттирган Молия вазири Тимур Ишметовга кўра, давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан 2022 йилнинг 9 ойи давомида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 704,9 млрд. сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний ва мақсадсиз сарфланган.
Вазирнинг таъкидлашича, ҳар бир вазирлик ва идораларда ташкил этилган Ички-аудит бошқармаси томонидан хавфларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, уларнинг натижаларини таҳлил қилиш ва доимий назорат қилиш ишлари тўғри ташкил этилмаган. Бунинг натижасида бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки ноқонуний сарфлаш ҳолатлари камаймасдан йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Мажлисда депутатлар Молия вазири берган маълумот ва таклифларни эътиборга олиб, вазирлик ва идораларнинг Ички-аудит бошқармасини қайта кўриб чиқиш, ходимларини ўқитиш, уларнинг салоҳиятини ошириш ва назорат қилиш ишларини мувофиқлаштириш юзасидан ўз таклифларини билдиришди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter