Абгор мактаблар кимдир келгани учун эмас, тизимли таъмирланиши керак – Саида Мирзиёева
Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева ҳудудлардаги мактаблар шароитлари билан танишиш жараёнида уларнинг айримларида аҳвол оғир эканини таъкидлаб ўтди.
У, жумладан, Сурхондарё вилоятининг Ангор тумани 9-мактабини кўздан кечирганини, у ерда эса энг бирламчи шароитлар ҳам йўқлиги, коммуникация, мактаб жиҳозлари, ҳаттоки ўқувчилар учун жой етарли эмаслигидан шикоят қилади.
“Мактабларга эҳтиёж мунтазам равишда ошяпти. Туғилишлар сони йилдан йилга кўплиги учун ҳам баъзи мактабларда битта синфда 40 тагача ўқувчи ўтиргани ҳам бор гап. Ҳали яна кўплаб ўқув ўринлари барпо этилиши керак. Бу оғир жараён. Лекин бу муаммоларни ҳал этмасликнинг иложи йўқ, ўқувчиларга шароит яратмасдан туриб, таълим сифатида ҳақида гапириш бефойда”, – деб ёзади Саида Мирзиёева.
Мазкур мактабнинг тез орада таъмирланиши ва қайта жиҳозланишини маълум қилган Мирзиёева “бу ишларнинг кимдир келгани учун эмас, тизимли йўлга қўйилиши ва ҳар куни давом эттирилиши” тарафдори.
“Токи энг чекка қишлоқ мактабларида ҳам энг камида зарур шароит бўлсин. Ана шундагина биз кўзлаган мақсадимиз — сифатли таълимга эриша оламиз”, – дейди Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, С.Мирзиёева ўз лавозимида ижтимоий соҳа, маданият ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар ижросининг боришини ҳам назорат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter